Германия ўз фуқароларини Ливандан эвакуация қилмоқда
Германия ҳукумати Байрутдаги элчихона ходимларининг бир қисмини ва тиббий сабабларга кўра хавф остида бўлган Германия фуқароларини олиб чиқади. Ҳозирда Ливанда 1800 га яқин немис қолмоқда.
Германия қуролли кучлари — Бундесвер — «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати нишонларига Исроил ҳаво ҳужумлари давом этаётгани муносабати билан Германия фуқароларини Ливандан эвакуация қилиш учун транспорт самолётини юборди. Бу ҳақда 30 сентябр, душанба куни мамлакат Мудофаа вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Ливанда бўлиши шарт бўлмаган Германия элчихонаси ходимлари, дипломатларнинг қариндошлари, шунингдек, тиббий сабабларга кўра алоҳида хавф остида бўлган Германия фуқаролари Байрутдан Берлинга олиб кетилади. Германияга учган самолёт бортида жами 110 киши бор, дея хабар беради Германия Ташқи ишлар вазирлиги.
Ушбу вазирликнинг расмий вакилига кўра, ҳозирда Ливанда 1800 га яқин Германия фуқароси қолмоқда. Яқин Шарқдаги вазият ёмонлашгани сабабли Берлиндаги ҳукумат ўтган йилнинг октябр ойидан бери ватандошларини Ливанни тарк этишга чақириб келади.
Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) ва «Ҳизбуллоҳ» жангчилари ўртасидаги шиддатли жанглар туфайли Германия Ташқи ишлар вазирлиги Байрут, Тел-Авив ва Ғарбий соҳилдаги Рамаллаҳ шаҳридаги элчихоналарига таҳдид даражасини ошириб, бир қатор фуқароларни «дипломатик эвакуация» қилишни бошлади. Шу билан бирга, элчихоналар ўз фаолиятини давом эттиради, дея таъкидлади Германия расмийлари.
БМТ: 100 000 киши Ливандан Сурияга қочди
Исроилнинг Ливанда «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига қарши ҳарбий амалиёти бошланганидан бери юз мингга яқин одам мамлакатдан қўшни Сурияга қочиб ўтган. Бу ҳақда 30 сентябр куни БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссари Филиппо Гранди маълум қилди.
Грундининг сўзларига кўра, чегарага келаётган одамлар оқими тўхтамаган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги қўшимча қилишича, БМТ ходимлари Сурия чегарасидаги тўртта назорат-ўтказиш пунктида янги келганларга ёрдам бериш учун маҳаллий ҳокимият ва Қизил Ярим ой ходимлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Аниқлик киритилишича, қочқинларнинг 60 фоизга яқини сурияликлар, қолган 40 фоизи ливанликлардир.
Аввалроқ Ливан бош вазири Нажиб Микати Исроилнинг мамлакат бўйлаб йирик ҳаво ҳужумлари бошланганидан сўнг, уйларини ташлаб кетганлар сони бир миллионга яқинлашганини айтган эди. У буни «Ливан тарихидаги одамларнинг энг катта кўчиши» деб атади.
Мавзуга оид
11:54 / 17.12.2024
Германияда mpox вирусининг хавфли штамми билан касалланганлар аниқланди
21:27 / 16.12.2024
Бундестаг Олаф Шолцнинг сўровига биноан унинг ҳукуматига ишончсизлик вотуми эълон қилди
16:14 / 14.12.2024
ОАВ: Германия узра РФ ҳарбий дронлари учиб ўтган бўлиши мумкин
15:21 / 14.12.2024