Жаҳон | 17:30 / 01.10.2024
3984
3 дақиқада ўқилади

«Гуржистон орзуси» — Цхинвали ва Сухумидан қўшинларни олиб чиқиш тарафдори

Гуржистон ҳукмрон партияси Лавров томонидан билдирилган Абхазия ва Жанубий Осетия билан ярашиш ғоясини қўллаб-қувватлаб, Россия қўшинларини Гуржистоннинг халқаро тан олинган ҳудудидан олиб чиқиш режасини тайёрлашга чақирди.

Фото: Getty Images/AFP/K. Basayev

Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров томонидан билдирилган Абхазия ва Жанубий Осетия билан ярашув ғоясини ижобий баҳолади ва айни вақтда Гуржистоннинг бу исёнкор ҳудудларидан рус қўшинларини олиб чиқишга чақирди. «Россиянинг ярашувни олқишлаши ва бунга ҳисса қўшиши шубҳасиз ижобий, аммо мен бу баёнотлардан сўнг самарали қадамлар қўйилса яхши бўларди, дедим», — деди «Гуржистон орзуси» бош котиби, Тбилиси мэри Каха Каладзе 29 сентябр, якшанба куни.

«Гуржистон орзуси» раҳбари РФ қўшинларини олиб чиқиш режасини ишлаб чиқишга чақирди

Унинг таъкидлашича, Гуржистоннинг «босиб олинган ҳудудлари маълум бир қисмида» бугунги кунда Россия базалари жойлашган. Шунинг учун, «бу баёнотлар билан бир қаторда, ушбу армия бўлинмаларини Гуржистон ҳудудидан олиб чиқиб кетиш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни бошлаш яхши бўлар эди», — дея иқтибос келтиради Mtavari нашри россияпарастликда айбланган ҳукмрон партия раҳбарининг сўзларидан. 

Сиёсатчининг таъкидлашича, ҳукумат бўлгинчи ҳудудлар билан ярашиш учун ҳамма нарсани қилади. «Фақат тинчлик ва ўзаро кечиримлилик орқали биз ҳудудий яхлитликни тиклаб, бирга яшашимиз мумкин», деди у.

Айни пайтда Гуржистон мухолифати Лавровнинг сўзларини провокация деб ҳисоблади. «Албатта, Лавров ўзининг «Гуржистон орзуси» ва Бидзина Иванишвили билан ҳамкорликда ишлаётганини баёноти билан тасдиқлайди, бу партия учун Лавровнинг Гуржистон расмийлари Россия томонидан тан олинган мустақил деб аталмиш давлатлар билан ҳамкорлик қилиш истагини маъқуллаши жуда уят. Гуржистон ҳукумати учун бундан ортиқ шармандалик бўлиши мумкин эмас», — дейди мухолифатчи депутат Тамара Кордзая.

Лавров РФ қўшинларини Абхазия ва Жанубий Осетиядан олиб чиқиб кетиш имкониятини тан олди

28 сентябр куни БМТ Бош ассамблеясининг 79-сессиясидаги иштирокидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида сўзга чиққан Лавров Гуржистон билан Абхазия ва Жанубий Осетия бўйича «келишув» имкониятини эълон қилди. Агар томонлар манфаатдор бўлса, Москва Гуржистон ва ўзини мустақил деб эълон қилган республикалар ўртасида тинчликка эришишда ёрдам беришга тайёр, деди у.

Лавров, шунингдек, Гуржистонда ўнлаб йиллар давом этган қарама-қаршиликни бартараф этиш бўйича келишувни мумкин деб атади ва Россия ўз қўшинларини Абхазия ва Жанубий Осетиядан олиб чиқиб кетишга олиб келиши мумкин бўлган муросага очиқлигини таъкидлади. Аввалроқ, мамлакатдаги ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партиясининг кремлпараст асосчиси Бидзина Иванишвили Гуржистон ҳукумати 2008 йилда Жанубий Осетия билан уруш учун кечирим сўрашга «ўзида куч топишига» ваъда берган эди. Унинг сўзлари бутун мамлакат бўйлаб норозиликларга сабаб бўлди.

Мавзуга оид