Жаҳон | 20:15 / 01.10.2024
1663
2 дақиқада ўқилади

Пентагон янги ядровий каллакларга эга ракеталарни ишлаб чиқаришга 2,1 млрд доллар ажратди

Бундан ташқари, АҚШ Мудофаа вазирлиги Boeing компанияси билан Украина, Болгария ва Япония учун мўлжалланган кичик калибрли бомбаларни ишлаб чиқариш бўйича 6,9 миллиард евролик шартнома тузди.

Фото: U.S. Navy

АҚШ Мудофаа вазирлиги янги Warhead 93/Mark7 ядровий жанговар каллаклари ўрнатилган Trident II D5 қитъалараро баллистик ракеталарига буюртма берди. Қиймати 2,1 миллиард долларни ташкил этувчи шартнома Lockheed Martin мудофаа саноати корпорацияси билан имзоланди. Унинг ижроси 2029 йил 30 сентябрга қадар таъминланиши керак ва ушбу қуроллар Буюк Британияга ҳам етказилиши кутилмоқда, деб хабар беради Пентагон матбуот хизмати.

Шу билан бирга, идора Lockheed Martin’га Trident II ракета ускуналари тизимини ва сувости кемалари учун навигация узелларини яратиш учун 1,16 миллиард евро ажратди. Ушбу буюртмаларнинг амалга ошириш муддати — 2031 йил 29 сентябр.

Бундан ташқари, Пентагон Boeing компанияси билан Украина, Болгария ва Япония учун мўлжалланган кичик калибрли бомбаларни ишлаб чиқариш бўйича 6,9 миллиард евролик шартнома тузди. Компания буюртмани 2035 йил 31 декабрга қадар бажариши керак.

Trident II D5 — уч поғонали қитъалараро баллистик ракета бўлиб, атом сувости кемасидан учирилади. Бундан снарядлар АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари ва Буюк Британия флоти қуролланишида мавжуд. Trident II D5ʼнинг максимал парвоз узоқлиги 11,3 минг километрни ташкил этади.

Жорий йилнинг апрелида АҚШ сўнгги 40 йил ичида илк бор янги W93 ядровий жанговар каллакларни ишлаб чиқаришни бошлаши маълум бўлганди. Уни яратиш устидаги ишлар 2022 йилнинг майидан бери давом этмоқда ва ядровий синовларни ўтказиш кўзда тутилмаган.

Ядровий хавфсизлик бўйича миллий агентлик (NNSA) 2023 йилда Пентагонга 200 дан ортиқ модернизация қилинган ядровий ўқ-дориларни топширган эди. Ташкилот раҳбари Жилл Хрубининг сўзларига кўра, мазкур етказиб бериш совуқ уруш тугаганидан бери энг йирик буюртма бўлган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид