Ўзбекистон | 13:10 / 02.10.2024
1461
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири UNCTAD бош котиби билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD) бош котиби Ребека Гринспан билан учрашди.

Фото: ТИВ

"Ўзбекистонга Креатив иқтисодиёт бўйича Бутунжаҳон анжуманида иштирок этиш учун ташриф буюрган БМТ Савдо ва тараққиёт конференцияси (UNCTAD) Бош котиби Ребека Гринспан хоним билан самарали учрашув ўтказдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари. – Биз UNCTAD билан ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция сиёсати, ташқи савдо, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнига кўмаклашиш ва бошқа масалаларга эътибор қаратдик. Кўплаб истиқболли йўналишларда фаол ҳамкорлик қилишга келишиб олдик".

2-4 октябр кунлари Тошкентда "WCCЕ 2024: Инклюзив ижодкорлик: ўзгарган воқелик" мавзусида IV Бутунжаҳон креатив иқтисодиёт конференция бўлиб ўтади.

Анжуман Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси жамғармаси, Индонезия Туризм ва саноат иқтисодиёт вазирлиги, БМТнинг Савдо ва тараққиёт конференцияси, Жаҳон интеллектуал ташкилоти ва таълим бўйича ҳамкор – Британия Кенгаши билан биргаликда ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Марказий Осиёда креатив иқтисодиёт бўйича конференцияга мезбонлик қилаётган биринчи давлат.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид