Ўзбекистон | 14:11 / 11.10.2024
27173
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистонга 435 минг долларлик озиқ-овқат ёрдамини етказди

АҚШ USAID дастури орқали 435 минг долларлик 131 тонна озиқ-овқат ёрдамини Ўзбекистонга етказди. Инсонпарварлик ёрдами 145 дан зиёд ижтимоий муассасаларга ҳамда аҳоли эҳтиёжманд қатламига тарқатилади. 

Фото: USAID

АҚШ ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали 435 минг долларлик 131 тонна озиқ-овқат ёрдамини Ўзбекистонга етказиб берди

Тошкент шаҳридаги 77-сонли ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернатида ўтказилган маросимда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник, USAIDʼнинг Осиё бўйича администратори ёрдамчиси ўринбосари Анжали Каур, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова, USAIDʼнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Дэвид Хофман ва бошқалар иштирок этди.

Сабзавотлар ва дуккаклилардан иборат озиқ-овқат аралашмасини ўз ичига олган инсонпарварлик ёрдами 145 дан зиёд соғлиқ ва ижтимоий ҳимоя муассасалари, жумладан, дориларга чидамли туберкулёз билан оғриган беморлар учун узоқ муддатли парвариш марказлари, болалар уйлари ва психиатрик муассасаларга тарқатилади. Бу орқали 33 мингдан ортиқ инсонни қамраб олиш режалаштирилган.

USAIDʼнинг Осиё бўйича администратори ёрдамчиси ўринбосари Анжали Каурнинг айтишича, ушбу лойиҳа орқали Ўзбекистондаги эҳтиёжманд қатламга манзилли ёрдам бериш мақсад қилинган.

Маълумот учун, 2010 йилдан бери USAIDʼнинг Озиқ-овқат ёрдами бўйича халқаро ҳамкорлик дастури доирасида қиймати 4,5 миллион АҚШ долларлик 1560 тонна озиқ-овқат ёрдами Ўзбекистонга етказиб берилган. Беғараз ёрдам сифатида берилган бу озиқ-овқат маҳсулотлари АҚШнинг нотижорат ташкилоти — Resource and Policy Exchange томонидан Ўзбекистондаги Соғлом авлод учун халқаро хайрия фонди билан ҳамкорликда тарқатилади.

Мавзуга оид