Жаҳон | 11:30 / 11.10.2024
4234
3 дақиқада ўқилади

Фон дер Ляйен Молдовага катта ёрдам пакетини ваъда қилди

Еврокомиссия раҳбари Кишинёвга президентлик сайловлари ва Молдованинг ЕИга кириши бўйича референдумдан 10 кун олдин ташриф буюрди. У мамлакат фуқароларини эркин танлов қилишга чақирди.

Фото: AP

Молдовада президентлик сайловлари ва Европа интеграцияси бўйича референдумдан ўн кун олдин Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен бу мамлакатга ташриф буюрди. 10 октябр, пайшанба куни Кишинёвга ташрифи чоғида у 2023 йил декабридан ЕИ аъзолигига номзод бўлган Молдовага 1,8 миллиард евролик янги ёрдам пакетини ваъда қилди.

Молдова президенти Майя Санду билан музокарадан сўнг фон дер Ляйеннинг журналистларга маълум қилишича, Европа Иттифоқи мактабларни таъмирлаш, иккита янги шифохона қуриш, телекоммуникация, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда Европа тармоғига улашга маблағ йўналтиради. Брюсселга кўра, бу Молдова учун 1991 йилда мустақилликка эришганидан бери энг катта ёрдам пакетидир.

Фон дер Ляйен молдоваликларни эркин танлов қилишга чақирди

Фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, ҳозир Молдова халқи учун «муҳим босқич» яқинлашмоқда. У мамлакат фуқароларини «овоздан фойдаланиш ва эркин танлов қилишга» чақирди. «Ўз мамлакатингиз билан нима қилишни ўзингиз ҳал қиласиз, бунга ҳеч ким аралашиши мумкин эмас», деди у.

Ўз навбатида, Санду Европа Иттифоқига молиявий мажбуриятлари учун миннатдорчилик билдирди ва Молдованинг «Европа Иттифоқи ишончини акс эттирувчи ўсиш режаси» ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, Европанинг қўллаб-қувватлаши Молдова фуқароларига «аниқ фойда» келтиради.

Молдовада президентлик сайловлари ва референдум

Молдовада президентлик сайловлари ва мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича референдум бир кунда – 2024 йил 20 октябрда бўлиб ўтади. Амалдаги президент Майя Санду иккинчи муддат учун курашмоқда ва унинг асосий рақиби собиқ бош прокурор Александру Стояногло бўлиб, уни мухолифатдаги энг йирик Социалистлар партияси қўллаб-қувватлайди.

Молдова ҳукумати Россияни бўлажак сайловга таъсир ўтказиш ва сайловчиларга пора беришда айбламоқда. Politico нашри Молдова полицияси бош инспекцияси раҳбари Виорел Cернаутианага таяниб, сентябр ойида Россия Федерацияси россияпараст олигарх Илан Шорнинг «мафия» тармоғи орқали 130 минг Молдова фуқароларининг ҳисоб рақамларига бўлажак референдумда улар мамлакатнинг ЕИга киришига қарши овоз беришлари учун 15 миллион доллардан ортиқ маблағ ўтказганини хабар қилган. «Молдова гибрид уруш ва дезинформация билан биргаликда сайловчиларнинг мисли кўрилмаган сотиб олинишига дуч келмоқда», деб ёзади Politico.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид