Жаҳон | 14:15 / 11.10.2024
1772
4 дақиқада ўқилади

Зеленский Лондонда Стармер ва Рютте билан учрашди

Украина президенти Лондонда Буюк Британия бош вазири ва НАТОнинг янги раҳбари билан музокаралар олиб борди ва улар билан Россия Федерациясига қарши урушда «ғалаба режаси»ни муҳокама қилди. Шундан сўнг Зеленский Париж, Рим ва Берлинга ташриф буюрди.

Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский Лондонга ташриф буюрди. 10 октябр, пайшанба куни у Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва НАТОнинг янги бош котиби Марк Рютте билан учрашди. Маслаҳатлашувлар давомида Зеленскийнинг Россия Федерацияси билан урушда Украина учун «ғалаба режаси» муҳокама қилинди, деди Стармер.

Биринчи учрашув Буюк Британия бош вазирининг Даунинг-стритдаги расмий қароргоҳида бўлиб ўтди. Унда Стармер ва Зеленскийдан ташқари Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хили, Бош штаб бошлиғи Тони Радакин ва Стармернинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Тим Барроу иштирок этди. «Украинани қўллаб-қувватлашга қатъий содиқлигимизни намойиш этиш муҳим», деди Британия бош вазири. Унинг сўзларига кўра, Зеленский билан Лондондаги музокаралар Украина ғалабаси режасини батафсил кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш имконини берди.

Рютте Трамп ҳақида ташвишланмасликка чақирди

Иккинчи йиғилишда 1 октябр куни Йенс Столтенберг ўрнига НАТО раҳбари этиб тайинланган Марк Рютте иштирок этди. Унинг сўзларига кўра, энди гап нафақат Украинага ёрдам бериш, балки «Ғарбни ҳимоя қилиш ва хавфсизликни қандай сақлаш» ҳақида ҳам бормоқда. Шу билан бирга, мудофаа алянсининг янги раҳбари АҚШда Доналд Трампнинг янги президентлик муддати бошланган тақдирда ҳам Украинани қўллаб-қувватлашга таҳдид юзага келишини кутмаётганини билдирди. Лондонда Зеленский ва Стармер билан бўлиб ўтган музокарадан сўнг у журналистларга «Трамп президентлиги ҳақида қайғуришни бас қилинг» деди.

Рютте бўлажак президентлик сайловларида республикачилардан номзодни яхши билишини таъкидлади. «Биламан, у Украинадаги бу уруш нафақат Украинага, балки Америка Қўшма Штатларининг хавфсизлиги ва келажакдаги хавфсизлиги билан боғлиқ эканини мутлақо тушунади», — деди Нидерландиянинг собиқ бош вазири. У, шунингдек, АҚШ Конгрессидаги ҳар икки партия Украина билан бирдам эканига ишора қилди.

Владимир Зеленский Даунинг-стритдаги учрашувдан сўнг Украинанинг «урушни адолатли якунлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган» «ғалаба режаси»нинг тафсилотларини баён қилганини айтди. «Биз иттифоқчиларимиз билан бу борада ишлашга келишиб олдик», деди у. Зеленский, шунингдек, Россиянинг Украинадаги ҳудудларни беришни назарда тутувчи ҳар қандай тинчлик режасини яна бир бор рад этди ва Россия Федерацияси ўз мамлакатидан барча қўшинларини олиб чиқиб кетиши кераклигини айтди.

Лондондан кейин — Париж, Рим ва Берлин

Лондон Зеленскийнинг Ғарбий Европага сафарларида биринчи бекатига айланди. Шу куни у Парижга келди ва у ерда Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашди, кейин эса Римда Италия бош вазири Жоржа Мелони билан кўришди. 11 октябр куни Зеленский Берлинга учиб, у ерда Германия канцлери Олаф Шолц ва Германия федерал президенти Франк-Валтер Штайнмайер томонидан қабул қилинади.

Аввалига Зеленский Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича Рамштайн форматидаги алоқа гуруҳининг Германияда АҚШ президенти Жо Байден таклиф қилган навбатдаги йиғилишида иштирок этиши режалаштирилган эди. Аммо Байден Германияга ташрифидан бир неча кун олдин «Милтон» тўфони туфайли уни кейинга қолдирди. Шундан сўнг, Украина иттифоқчиларининг Рамштайн ҳарбий базасидаги учрашуви ҳам бекор қилинди. Бир кун олдин у Хорватияда Жануби-Шарқий Европа давлатлари раҳбарлари билан учрашди.

Мавзуга оид