Жаҳон | 19:32 / 12.10.2024
15660
4 дақиқада ўқилади

«Украина Ғарб сиёсатида энди биринчи эмас» — ОАВ

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Берлинга ташрифи — немис ОАВ эътибор қаратган асосий мавзулардан бири бўлди. Аксарият изоҳлар Украина учун пессимистик картинани тасвирламоқда.

Фото: Ebrahim Noroozi / AP

Frankfurter Allgemeine Zeitung (FAZ) газетаси Ғарбнинг Россия босқинига қарши курашда Украинани қўллаб-қувватлаш масаласида «чарчагани» ҳақида ёзди:

«Володимир Зеленский Ғарбий Европа пойтахтлари бўйлаб қилган сафаридан оддий бирдамлик кафолатларидан ташқари унчалик аҳамиятли нарсаларни қўлга кирита олмайди. Сафар АҚШ президенти Жо Байден томонидан «Милтон» тўфони туфайли бекор қилинган «Рамштайн» форматидаги саммитнинг ўрнида тезкорлик билан ташкил этилган. [Ғарб томонидан ]Украина шарқида кескинлашиб бораётган вазиятга кўпроқ куч билан жавоб қайтариш борасида кўзга кўринадиган ҳеч қандай ҳаракатлар бўлмади. Аксинча, Кремл хоҳлаганидек, урушдан жабр кўрган давлатни қўллаб-қувватлаётганлар тобора чарчаб бормоқда. Бунинг сабабларидан бири Европадан ташқарида: Яқин Шарқдаги эскалация ва унинг потенциал оқибатлари ғарб ҳукуматларидан кўпроқ эътибор ҳамда дипломатик саъй-ҳаракат талаб қилади. Бунинг устига Берлиндан Вашингтонгача бўлган ҳукумат ўз мамлакатларидаги ички сиёсий кайфият ўзгараётганига муносабат билдирмоқда, гарчи асосий шахслар Россия билан тинчлик музокараларидан умид йўқлигини яхши тушуниб турибди. Бунда айбнинг бир қисми Украина ҳукумати зиммасида ҳам ётибди — улар коррупцияга алоқадор бўлиши мумкинлигига шубҳа уйғотадиган қарорлар билан иттифоқчиларини ғазаблантирмоқда».

Frankfurter Rundschau газетаси ўз навбатида Зеленский Европадан қуруқ қўл билан кетмаётганини маълум қилди:

Лондон, Париж ва Берлиндаги иттифоқчилар Украинага нисбатан бирдамлигини кучайтириб, қурол-яроғ етказиб бериш борасида қўшимча ваъдаларни берди. Шунга қарамай, Зеленский бундан қаноатланмаган бўлса керак. Бунга нафақат Россия ҳудудига узоқ масофага мўлжалланган қуроллар билан зарба бериш бўйича рухсат ололмагани, балки ташрифлари Европадаги иттифоқчиларнинг Украинадаги ҳарбий вазиятга эътибори камайганини кўрсатиб қўйгани сабаб бўлди. Худди шу нарса Киевнинг энг муҳим иттифоқчиси бўлган АҚШга ҳам тааллуқли. Бу ерда Зеленскийнинг «Россияни тинчликка мажбурлаш» мақсад қилинган «ғалаба режаси» ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмади.

Rheinische Post газетасида қуйидагича ёзмоқда:

«Агар Зеленский Россия президенти Владимир Путинни ростдан ҳам ҳарбий куч билан музокаралар столига ўтқазмоқчи бўлса, Ғарбнинг стратегиясида сезиларли даражада ўзгаришлар бўлиши кераклиги янада ойдинлашмоқда… Аммо бунга эришиш учун Германия, АҚШ ва Украинанинг бошқа иттифоқчи давлатлари сиёсий етакчилари ҳеч бўлмаганда қанотли ракеталар масалалари бўйича стратегиясини ўзгартириши керак.

Reutlinger General-Anzeiger газетаси саҳифаларида ҳам шунга ўхшаш фикрларни ўқиш мумкин:

«Зеленский Германияда ЕИнинг кўплаб давлатлари уруш узоқ йилларга чўзилиши мумкинлиги борасидаги хавотирини ҳис қилмоқда. Чунки у ғалаба режаси ҳақида бироз баландпарвоз гапириб, Курск вилоятидаги ҳудудларнинг забт этилишини ажойиб муваффақият сифатида тақдим этяпти. Аммо Зеленский битта масалада ҳақ: ким тинчликни хоҳласа, у уруш Россия фойдасига ҳал бўлмаслиги учун қўлидан келган барча ишни қилиши керак. Бу эса Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш орқали амалга оширилади…»

Stuttgarter Nachrichten газетаси президент Зеленскийнинг дипломатик қобилиятларига баҳо берди:

«Зеленскийнинг Берлинга ташрифи канцлер Олаф Шолц учун одатийга айланган сценарий бўйича кечди. Унинг ичидан Украинанинг немис ёрдамидан миннатдорлиги ҳам ўрин олган. Бу эса Зеленскийнинг дипломатик топқирлигидан далолат беради. У шу орқали Германия Taurus қанотли ракеталарини бермаётганини танқид қилгандан кўра, Олаф Шолцдан кўпроқ нарса олиш мумкинлигини билади. Шолцнинг «Путин урушни чўзиш орқали ғалабага эришишга уриниши — ҳеч қанақа муваффақият келтирмайди», дегани муҳим баёнот ҳисобланади. Шунга қарамай, АҚШ президентлиги сайловларида Трамп ғалаба эришса, вазият ўзгариши мумкин».

Мавзуга оид