Ўзбекистон | 11:00
1192
2 дақиқада ўқилади

Янги Тошкент мегаполиси ва транспорт коридорлари инвесторларга тақдим этилди

Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Ўзбекистон транспорт-логистика, шаҳарсозлик, туризм ва агросаноат соҳаларидаги йирик лойиҳаларни халқаро инвесторларга тақдим этди. Улар орасида Янги Тошкент мегаполиси, стратегик транспорт коридорлари ва миллиардлаб долларлик инфратузилма ташаббуслари бор.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев форумда сўзлар экан, Марказий Осиё сўнгги йилларда ўзаро боғлиқ ва ташқи бозорларга очиқ ҳудудга айланаётганини таъкидлади. Шу муносабат билан Хитой ва Қирғизистон билан ҳамкорликда темирйўл қурилиши, Трансафғон коридори ҳамда Каспий денгизи орқали ўтадиган «Ўрта коридор» лойиҳалари фаол ривожлантирилаётгани қайд этилди.

Шунингдек, саудиялик ҳамкорлар иштирокида йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга янги Тошкент халқаро аэропорти қурилаётгани маълум қилинди. Инвесторларга тезюрар автомобил йўллари, кўп функцияли логистика марказлари ва «қуруқ портлар»ни барпо этиш лойиҳаларида иштирок этиш таклиф этилди.

Форумда ҳудудларни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, пойтахт атрофида 2 миллион аҳолига мўлжалланган Янги Тошкент мегаполиси барпо этилаётгани, Андижон, Наманган ва Самарқандни миллионли шаҳарларга айлантириш бўйича кенг кўламли дастурлар бошлангани таъкидланди.

Президентнинг маълум қилишича, мамлакатда уй-жой қурилиши соҳасининг йиллик бозори камида 10 миллиард долларни ташкил этади. Шунингдек, инфратузилма соҳасида инвесторлар билан биргаликда 27 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.

Давлат раҳбари туризм ва агросаноат соҳаларида ҳам катта имкониятлар мавжудлигини қайд этиб, маҳаллий ва хорижий инвесторларни ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид