14 октябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Хорижда ўзбекистонликлар учун иш ўринлари, Ўзбекистонда автомобиллар статистикаси, президентнинг Тошкент вилоятига ташрифи — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Ўзбекистонликлар учун хорижда иш ўринлари
Ўзбекистонликлар учун хорижда 154 мингдан ортиқ бўш иш ўрни мавжуд. Жумладан, Германия, Жанубий Корея, Туркия, Литва, Буюк Британия, Полша, Латвия, Япония, Руминия каби давлатларда тиббиёт, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, юк автомобил ҳайдовчиси, пайвандлаш, электрик, IT каби соҳалар бўйича 154 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари аниқланган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норовга кўра, Германиянинг 25 та иш берувчи ташкилоти билан 60 мингга яқин фуқарони тиббиёт, ҳайдовчилик, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларига тўғридан тўғри ва Ausbildung (дуал таълим) асосида ишга жалб қилиш бўйича келишувга эришилган. Уларга ўртача 2100 АҚШ доллари иш ҳақи таклиф қилинмоқда.
Британияда тиббиёт йўналишида 10 минг ва мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига 3 минг иш ўрнига талабнома олинган. Иш ҳақи 2500 АҚШ доллари.
Литва, Латвия, Польша, Болгария ва Европанинг бошқа давлатларига 26 мингдан ортиқ фуқарони юк автомобили ҳайдовчиси, ишлаб чиқариш, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ишга юбориш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Уларга ўртача 1400 АҚШ доллари иш ҳақи таклиф қилинмоқда.
Бу йил илк маротаба Жанубий Кореяга ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, кемасозлик, тоғ-кончилик ва ўрмончилик соҳасига 13 700 иш ўринига квота олинди. Ўртача ойлик иш ҳақи 2000 АҚШ доллари.
Ўзбекистондаги автомобиллар статистикаси
2024 йилнинг 8 ойида Ўзбекистонга қарийб 912 млн долларлик 49 минг 55 дона енгил автомобиллар импорт қилинган.
Энг кўп енгил автомобиллар Хитой — 38 минг 85 дона, Жанубий Корея — 8729 дона, АҚШ — 622 дона, Япония — 139 дона ва Германия — 104 дона импорт қилинган.
Шунингдек, Ўзбекистонда 100 та уй хўжалигига нечта автомобил тўғри келиши маълум қилинди. 2010 йилга солиштирилганда бу борадаги кўрсаткич қарийб уч баробар ошган.
Айни пайтда Ўзбекистонда ҳар 100 та уй хўжалигига 57 та енгил автомобил тўғри келмоқда.
Маълумот учун, ҳар 100 та уй хўжалигига:
- 2010 йилда – 21 та;
- 2015 йилда – 42 та;
- 2020 йилда – 49 та енгил автомобил тўғри келган.
Ўзбекистонда сотилаётган автомобиллар
Жорий йилнинг дастлабки III чорагида Ўзбекистонда 303 минг 373 дона автомобил сотилган. 2024 йилнинг 9 ойида UzAuto Motorsʼнинг Ўзбекистон бозоридаги улуши 89 фоизни ташкил қилди.
Мазкур даврда ҳар учта сотилган автомобилнинг биттасини Cobalt ташкил қилган.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида UzAuto Motors 271 минг 221 дона, ADM Jizzakh 19 минг 766 дона, BYD Uzbekistan Factory 11 минг 580 дона, Jizzakh Auto 328 дона, Asaka Motors 284 дона, SamAuto 194 дона автомобилни харидорларга етказиб берган.
2024 йилнинг дастлабки III чорагида корхоналарнинг ички бозордаги улуши қуйидагича:
- UzAuto Motors – 89,4 фоиз;
- ADM Jizzakh – 6,5 фоиз;
- BYD Uzbekistan Factory – 3,8 фоиз;
- Jizzakh Auto – 0,1 фоиз;
- SamAuto – 0,1 фоиз;
- Asaka Motors – 0,1 фоиз.
Энг кўп сотилган автомобил – Cobalt. Ҳисобот даврида 99 минг 577 дона ушбу моделдаги автомобиллар харидорларга етказиб берилган. Кейинги ўринларда Damas (71 минг 875 дона) ва Tracker (31 минг 736 дона) қайд этилган.
Ҳоким ёрдамчилари учун қўшимча рағбат
Ўзбекистонда айрим ҳоким ёрдамчилари лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида қўшимча рағбатлантирилади.
Президент қарорига кўра, ижобий тажрибага эга 50 нафар ҳоким ёрдамчисидан иборат “Лойиҳа менежерлари” гуруҳи ташкил этилади.
Бунда “Лойиҳа менежерлари” гуруҳи таркибидаги ҳар бир ҳоким ёрдамчиси самарадорлик кўрсаткичи паст бўлган туман/шаҳарларга бириктирилади ва улар 6 ойгача мазкур туман/шаҳарлардаги маҳаллаларга хизмат сафарига юборилади.
Хизмат сафари давомида “Лойиҳа менежерлари” гуруҳидаги ҳоким ёрдамчилари, иш ҳақи ва бошқа ижтимоий тўловлар сақлаб қолинган ҳолда лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида қўшимча рағбатлантирилади.
Президентнинг Тошкент вилоятига ташрифи
Бугун президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг ривожи, аҳоли ҳаёти ва янги лойиҳалар билан танишди.
Президент дастлаб Тошкент туманига ташриф буюриб, Келес йўли кўчаси бўйлаб амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Сўнгра Зангиота туманидаги автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи “Technologies of real time” Ўзбекистон–Сингапур қўшма корхонасига борди.
Мирзиёев Янгийўл туманидаги “Тинчлик” кичик саноат зонасида бўлиб, "Enter steel" корхонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Мавзуга оид
20:55
25 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:41 / 22.11.2024
22 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:40 / 21.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:49 / 20.11.2024