Жаҳон | 10:09 / 14.10.2024
6627
4 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Полшадаги янги РҚМ базаси Россия ракеталарини уриб тушира олади

Полша шимолидаги АҚШ ракетага қарши мудофаа базаси мамлакат томон учаётган Россия баллистик ракеталарини уриб тушира олади, деди Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский.

Фото: ELENA COVALENCO / Scanpix

Полша шимолидаги Редзиково шаҳрида жойлашган АҚШнинг Aegis Ashore ракетага қарши мудофаа базаси мамлакат томон йўл олган Россия баллистик ракеталарини уриб тушира олади. Бу ҳақда 12 октябр, жума куни Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Rebeliant радиостанцияси орқали маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Россия Федерациясининг Украинага қарши тажовузкор уруши фонида концепцияси ўзгарган объект «яқин ҳафталарда» очилади. «Музокаралар давомида мен бу база нафақат АҚШ томон учаётган Эрон ракеталарини, балки Полша томон учаётган Россия ракеталарини ҳам уриб тушира олишига эришдим», деди Сикорский.

The Moscow Times таъкидлаганидек, Редзиководаги база Россия Федерациясининг Калининград области билан чегарадан 165 км узоқликда жойлашган. У радиолокацион станцияга ва учта Mk-41 учириш қурилмасига эга бўлиб, уларнинг ҳар бири Standard Missile 3 синфидаги ракеталарни тутиб олиш учун саккизта контейнер билан жиҳозланган. НАТОга кўра, Aegis Ashore «соф мудофаа характерига эга». Шу мақсадда ракетага қарши мудофаа базаси 2024 йил июл ойида алянс қўмондонлиги ва назоратига ўтказилди, яъни Ракетага қарши мудофаа агентлиги (MDA) директори вазифасини бажарувчи, АҚШ денгиз флоти контр-адмирали Дуглас Уилямснинг сўзларига кўра, «Европа давлатларини манбалари евроатлантик минтақадан ташқарида жойлашган баллистик ракеталар таҳдидидан ҳимоя қилиш учун».

Ўша пайтда НАТО бош котиби лавозимини эгаллаган Йенс Столтенберг тизим тўлиқ ишлай оладиган ҳолатга келтирилди, деб таъкидлади. «Баллистик ракеталар Украина ва Яқин Шарқдаги можароларда кенг қўлланган, биз мудофаа иттифоқи сифатида бу таҳдидни эътиборсиз қолдира олмаймиз», деди Столтенберг.

АҚШ Украина узра Россия ракеталарини уриб туширишдан бош тортганига изоҳ берди

Вашингтон Украинани ўз суверен ҳудудини қайтариб олиш учун курашда қўллаб-қувватлайди, бироқ АҚШ президенти Жо Байден Қўшма Штатлар қўшинлари Украина ҳудудида жанг қилмаслигига ваъда берди. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Сабрина Сингх 3 октябр куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди. У Украина президенти Володимир Зеленскийнинг НАТО кучларини Россия ракеталари ва учувчисиз учоқларини АҚШ иттифоқчиси Исроил ҳудуди узра душман ракеталари ва учувчисиз учоқларини уриб туширганидек, ўз мамлакати ҳудуди узра уриб туширишга чақириғи ҳақидаги саволга шундай жавоб берди.

Россия ракеталари Полша ёки Руминияда жойлашган ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилиши АҚШ қўшинларининг Украина ҳудудида (boots on the ground) иштироки сифатида баҳоланадими, деган аниқ саволга жавобан Америка мудофаа идораси матбуот котиби шундай деди: «Бу (АҚШ Россиянинг Украинага қарши урушига) бошқача тарзда аралашув бўларди, бизда ҳозирда Украина ўз шаҳарларини, аҳолисини муваффақиятли ҳимоя қила оляпти, деган тасаввур бор. Биз унинг инфратузилмасига Россия ҳаво ҳужумларидан ҳимояланиш учун зарур бўлган ёрдамни беришга тайёрмиз».

Украинадаги уруш ва Яқин Шарқда Исроил иштирокидаги можаро «икки бошқа манзара ва бутунлай бошқа жанг майдонлари», дея таъкидлади Сингх.

Унинг қўшимча қилишича, Пентагон раҳбари Ллойд Остин 3 октябр куни Украина мудофаа вазири Рустем Умеров билан телефон орқали гаплашган ва улар фронтдаги вазият ривожи, Украина Қуролли кучларининг жорий операциялари ва уларнинг эҳтиёжларини муҳокама қилган. Вашингтонга кўра, украиналиклар «ўз ҳудудларини қайтариб олишда давом этиш учун ҳаво мудофааси ёки бошқа имкониятлардан жуда муваффақиятли фойдаланишмоқда», деди Сабрина Сингх.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид