«Уруш ҳаракати»: Байден Эронни Трампга суиқасд оқибатлари ҳақида огоҳлантирди
Вашингтон Эроннинг АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп ҳаётига ҳар қандай суиқасдга уринишини уруш ҳаракати сифатида баҳолайди.
АҚШ президенти Жо Байден Миллий хавфсизлик кенгашига Эрон ҳукуматини Вашингтон Теҳроннинг АҚШ собиқ президенти ва бу лавозимга қайта номзод Доналд Трамп ҳаётига бўлган ҳар қандай суиқасдга уринишини уруш ҳаракати сифатида кўриши ҳақида огоҳлантиришни топширди. Бу ҳақда 11 октябр, жума куни The Washington Post нашри хабар берди.
Хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Шон Саветтнинг айтишича, Байден «барча ресурс»ни Трампни ҳимоя қилиш ва разведка идоралари унга таҳдидлар ҳақида маълумот беришини таъминлашга йўналтирди. «Биз буни миллий хавфсизлик масаласи деб ҳисоблаймиз ва Эронни бу шафқатсиз таҳдидлар учун қаттиқ қоралаймиз», деди у. «Агар Эрон бизнинг фуқароларимиздан бирига, жумладан, АҚШга хизмат қилишда давом этаётган ёки илгари хизмат қилганларга ҳужум қилса, жиддий оқибатларга дуч келади», — дея қўшимча қилди у.
Август ойи бошида АҚШ расмийлари Эрон билан мувофиқлаштирган америкалик сиёсатчиларга суиқасд уюштириш фитнаси фош этилганини эълон қилган эди. Фитна иштирокчиларининг нишонларидан бири Доналд Трамп бўлиши керак эди. Теҳрон Трампга қарши фитнага алоқадорлик ва АҚШдаги сайлов кампаниясига аралашиш каби айбловларни рад этди.
АҚШ ва Исроил ЦАҲАЛнинг Эрондаги эҳтимолий нишонларини муҳокама қилмоқда
АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх 3 октябр куни бўлиб ўтган брифингда Қўшма Штатлар ҳукумати Исроил билан Эроннинг йирик ракета ҳужумига эҳтимолий жавоб чораларини мувофиқлаштираётганини маълум қилди. «Аммо мен эҳтимолий нишонлар қандай бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тафсилотларни муҳокама қилишни ўринсиз ва унчалик фойдали эмас деб ҳисоблайман», деди Пентагон вакили Исроил Эрон нефт объектларини нишон сифатида кўрадими, деган саволга жавоб берар экан.
Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден ўз маъмурияти Исроилнинг Эрон нефт саноатига эҳтимолий ҳужумини «муҳокама қилаётганини» айтди. Сиёсатчининг изоҳи нефтнинг жаҳон нархларида сакрашга сабаб бўлди. Лондоннинг ICE биржасида Brent маркали нефт нархи сентябр бошидан бери биринчи марта 5,04 фоизга ошди ва бир баррел учун 77,63 долларгача кўтарилди.
Бир кун аввал Америка етакчиси Вашингтон Исроилнинг Эрондаги ядровий иншоотларга зарба беришига қарши эканини таъкидлади.
Мавзуга оид
09:40
Байден Трампга: Украинани қўллаб-қувватлаш АҚШ манфаатларига жавоб беради
21:45 / 13.11.2024
«Сиёсат — аёвсиз» — Трамп Оқ уйда Байден билан учрашди
08:19 / 11.11.2024
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
20:42 / 09.11.2024