Жаҳон | 13:56 / 15.10.2024
2825
4 дақиқада ўқилади

Ливан шимолидаги қишлоққа зарба: ўнлаб қурбонлар бор

Исроилнинг Ливан шимолига йўллаган авиазарбаси оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда мамлакат ҳукумати.

Фото: Anadolu/Getty Images

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, зарба асосан христианлар истиқомат қилувчи Айту қишлоғига йўлланган.

Бу ҳудуд Байрутдан ва Исроил армияси зарба бериб келаётган бошқа жойлардан анча узоқда жойлашган.

Воқеа жойидан олинган маълумотларга кўра, зарба оқибатида яқинда Ливан жанубидан кўчиб келган оила жойлашган турар жой биноси буткул вайрон бўлган.

Исроил бу зарба юзасидан изоҳ бермади, аммо душанба куни мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу «бутун Ливан бўйлаб „Ҳизбуллоҳ“га зарбалар берилиши давом этиши»ни ваъда қилганди.

У Исроил шимолида, «Ҳизбуллоҳ» дрони зарбаси оқибатида исроиллик тўрт нафар ҳарбий ҳалок бўлиб, ўнлаб киши жароҳатланган ҳарбий базага ташрифи вақтида шундай баёнот берган.

Бу сўнгги йил давомида Ливандаги гуруҳнинг Исроилга қилган энг жиддий ҳужуми бўлди.

Гуруҳ вакилларига кўра, ҳужум Ливан бўйлаб берилаётган ва қарийб 1700 киши ҳаётига зомин бўлган авиазарбаларга жавобан амалга оширилган.

Бу вақтда Исроил ҳукумати «Ҳизбуллоҳ» дрони қандай қилиб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини четлаб ўтган ҳолда Ҳайфа шаҳри жанубидаги базага зарба берганига ойдинлик киритмоқчи.

Times of Israel нашри терговнинг дастлабки маълумотларига таяниб ёзишича, «Ҳизбуллоҳ» Ўрта ер денгизи томондан иккита дрон учирган.

Уларнинг иккиси ҳам Исроил радарлари кузатувида бўлган ва биттаси Ҳайфадан шимолда, соҳил ҳудудида уриб туширилган, аммо иккинчиси, катта эҳтимол билан, жуда паст учгани туфайли радарлардан йўқолган.

«Ҳизбуллоҳ» агар Исроил Ливандаги амалиётини давом эттиргудек бўлса, жиддийроқ зарбалар йўллаш билан таҳдид қилган.

Исроил мудофаа армияси душанба куни кечқурун жангарилар кун давомида Исроил томонга 115 та снаряд отгани ҳақида хабар берган.

Ливан шимолига зарба оқибатида уйлардан бири тўлиқ вайрон бўлган. Фото: Anadolu/Getty Images

Ливан шимолидаги Айту қишлоғи аҳолиси журналистлар билан суҳбатда зарбадан олдин ҳеч қандай огоҳлантириш бўлмагани ва фақат бир марта кучли портлаш овози эшитилганини айтишган.

Уларнинг сўзларига кўра, жанубдаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли қишлоққа бир неча оила кўчиб келган, зарбага учраган уй эса икки ҳафта олдин шундай оилалардан бирига ижарага берилганди.

Бу уйда яшаганлар кимлиги — номаълум. Зарба шу қадар кучли бўлганки, жасад қолдиқлари орқали қурбонларнинг шахсига ойдинлик киритиш учун ДНК анализлари талаб этилади, деган маҳаллий расмийлар.

Ливан махсус хизматларидаги манба AFP нашрига хабар беришича, бинога «бу ерга автомобилдаги киши келганидан кейин зарба берилган».

Ливан нашрлари, хусусан, Voice of Lebanon радиоси қурбонлар орасида яқинда Ливаннинг жанубий чегараси яқинида яшовчи қариндошлари билан бирга кўчиб келган «Ҳизбуллоҳ» аъзоси бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган.

Мавзуга оид