“Темир гумбаз”ни ёриб ўта олишини кўрсатган Эроннинг ҳужумига Исроил жавоб қайтаришни ваъда қилмоқда. Бу жавобга Теҳроннинг муносабати қандай бўлади? Араб давлатларининг-чи? Эрондаги эҳтимолий нотинчлик Марказий Осиёга қандай таъсир қилади? Kun.uz мухбири шу каби саволлар билан туркиялик этник ўзбек таҳлилчи, Эронни ўрганиш институти эксперти Раҳим Фарзом билан суҳбатлашди.

Эрон ҳозиргача икки марта Исроилга ракеталар билан ҳужум қилди. Тел-Авив октябр ойи бошидаги зарба учун жавоб ҳужуми, албатта, бўлишини такрорламоқда. Теҳрон расмийларига кўра, агар Исроил жавоб қайтарса, Эрон янада каттароқ зарба беришга мажбур бўлади. Бу ўзаро зарба алмашишлар эса урушга айланиши мумкин.

1 октябрдаги ҳужумда Теҳрон “Ҳизбуллоҳ” раҳбари – Ҳасан Насруллоҳ, ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хания ҳамда Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони ўлими учун қасос олди. Учирилган баллестик ракеталарнинг 40 фоизи нишонга теккани айтилади. Яъни бу гал апрелдаги ҳужумдан фарқли ўлароқ “Темир гумбаз”нинг самараси пастроқ бўлган.

Раҳим Фарзомга кўра, Исроилнинг бу ҳужумга жавоб қайтариши аниқ. Айни пайтда Тел-Авив иттифоқчилари билан Эрондаги қайси объектга зарба бериш масаласини муҳокама қилмоқда. Эрон эса сиёсий каналлар ва АҚШ орқали Исроилга жавоб ҳужуми енгилроқ бўлса, Теҳрон катта зарбалардан ўзини тийишини билдиргани ҳақида хабарлар бор. Лекин Исроил Эроннинг стратегик объектларини нишонга олса ва бу давлат тинчлиги, хавфсизлиги ҳамда иқтисодиётига жиддий зарар етказса, халқнинг ўзи Эрон раҳбариятини сиқувга олади, дейди Фарзом.

“Эроннинг мақсади аслида Исроилга зиён еткизиш эмас, балки у ишонган “Темир гумбаз”ни ёриб ўтишни уддалашини кўрсатиш эди”, – дея қўшимча қилади эксперт.

Исроил нишонга олиши мумкин бўлган объектлар ядровий иншоотлар ва нефт базалари бўлиши мумкин. Ҳар иккала ҳолатда ҳам Эрон жиддий зарар кўради. Раҳим Фарзомнинг қайд этишича, агарда ядровий иншоотлар ҳужумга учраса, бу атрофдаги давлатлар, қўшни минтақалар учун ҳам жиддий хавф яратиши мумкин: атрофга радиация тарқалади.

АҚШ расмийларига кўра, Вашингтон учун Эрон – Хитой ва Россиядан ҳам олдинги ўринда турувчи душман. Бироқ туркиялик таҳлилчининг айтишича, Эроннинг мавжудлиги ва олий раҳнамо режими АҚШ манфаатларига ҳам хизмат қилмоқда. Масалан, минтақадаги араб ва мусулмон давлатлар Эрон кучайиб бораётганидан хавотирда ва бу уларнинг АҚШга яқинлашишига туртки бўлмоқда. Шундай шароитда айрим араб давлатлари Исроилнинг Эронга ҳужумидан манфаатдор бўлиши ҳам мумкин, дейди у.