Жаҳон | 21:22 / 17.10.2024
5992
3 дақиқада ўқилади

Рамзан Қодиров қонли қасос билан таҳдид қилган депутатлар Давлат думаси мажлисларига келмай қўйди

Депутатлар Бекхан Барахоев ва Ризван Қурбонов қуйи палатанинг 15 ва 16 октябр кунлари ўтказилган мажлиси трансляциясида кўриниш бермаган.

Бекхан Барахоев

Россия Давлат думаси депутатлари — Бекхан Барахоев ва Ризван Қурбонов Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров томонидан эълон қилинган қонли қасосдан кейин ялпи мажлисларга бормасликка қарор қилди. Иккала парламентарий ҳам қуйи палатанинг 15 ва 16 октябр кунлари ўтказилган мажлиси трансляциясида кўриниш бермаган.

РФ Давлат думаси тизимига кўра, Қурбонов шу кунлари қонун лойиҳалари бўйича овоз бериш жараёнларида иштирок этмаган. Охирги маротаба у 11 сентябр куни Telegram канали орқали Рамзан Қодировни ўлдириш бўйича буюртмага алоқадор эканини рад этиб чиққанди.

Қурбоновдан фарқли ўлароқ Бекхан Барахоев овоз бериш жараёнларида қатнашган. Аммо журналистларнинг аниқлашича, бунинг учун у ўз карточкасини ҳамкасбларига берган ва улар депутат ўрнига овоз берган.

Маълумотларга кўра, Давлат думасининг 16 октябрдаги мажлиси вақтида Барахоев Ингушетияда бўлган. У Малгобек шаҳри аҳолиси билан учрашувда Қодировга суиқасдни буюртма қилмаганини айтган.

Шунингдек, Рамзан Қодиров «қора рўйхатга» киритган доғистонлик сенатор Сулейман Керимов ҳам қаерда экани номаълум. Бойлиги 10,7 миллиард долларга етадиган сенатор Чеченистон етакчисининг айбловига ҳеч қандай изоҳ бермаган. Marine Traffic сервиси маълумотларига кўра, Керимовнинг Ice яхтаси ҳозирда Туркиянинг Мармарис шаҳри яқинида турибди.

Аввалроқ Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров доғистонлик сенатор Сулейман Керимов ва Россия Давлат думасининг икки депутатига қарши расман қонли қасос эълон қилишга тайёрлигини айтганди. Қодировга кўра, улар Чеченистон етакчисига суиқасдни буюртма қилмоқчи бўлган.

«Агар улар бунинг аксини исботлаб бермаса, мен расман Барахоев, Сулейман Керимов ва Ризвон Қурбоновга қонли қасос эълон қиламан. Улар [Рамзан Қодировни ўлдиришга] буюртма қилгани, буни қанчага амалга ошириши мумкинлигини сўрагани ҳақида гувоҳлар, одамлар бор», — деганди у.

Чеченистон раҳбарининг таҳдидига жавобан Доғистон раҳбари Меликов Сулаймон Керимов Доғистон халқининг қўллаб-қувватлашига ишониши мумкинлигини айтди.

Мавзуга оид