Жаҳон | 22:11 / 18.10.2024
6175
2 дақиқада ўқилади

Россиядан депортация қилинадиган мигрантларга ўз геолокацияси ҳақида хабар бериш юкланди

Депортация режими қўлланиладиган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни геолокация кўрсатилган фотосурат кўринишида ўз жойлашган жойи тўғрисидаги маълумотларни юбориш мажбурияти юкланди.

Фото: ТАСС

Россияда ноқонуний мигрантларга ўз манзили ҳақидаги маълумотларни геолокация билан фотосурат кўринишида Ички ишлар вазирлигига юбориш мажбурияти юкланди. Гап янги депортация режими қўлланилганлар ҳақида кетмоқда.

Россия Ички ишлар вазирлигининг буйруғи лойиҳасидан келиб чиққан ҳолда, депортация режими қўлланиладиган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни геолокация кўрсатилган фотосурат кўринишида уларнинг жойлашган жойи тўғрисидаги маълумотларни юбориш мажбуриятини юклаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Гап хорижликларни сақлаш учун махсус муассасаларда, тергов ҳибсхоналарида ёки колонияларида бўлмаганлар ҳақида кетмоқда. Қолган барча ўз яшаш жойи, Россиядан режалаштирилган чиқиб кетиш санаси ёки бунга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар ҳақида маълумот бериши керак.

«Агар Россия Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органига шахсан келишнинг иложи бўлмаса, назорат остидаги шахсга ўз жойлашган жойи тўғрисида маълумот юбориш геолокация белгиси билан фотосуратли маълумотни юбориш орқали амалга оширилади», дейилади ҳужжатда.

Буйруқ 2025 йил 5 февралдан кучга кириши кутилмоқда.

Мигрантларнинг депортация режими 2025 йил 1 январдан кучга киради. Бу Россияда ноқонуний бўлган хорижликларга нисбатан қўлланилади. Хусусан, ҳуқуқбузарлик содир этганларга нисбатан. Улар тўғрисидаги маълумотлар назорат қилинадиган шахслар реестрига киритилади.

Ушбу реестрдаги мигрантларга кўчмас мулк ва транспорт воситалари сотиб олиш, автомобил ҳайдаш, кредит олиш, никоҳдан ўтиш, янги банк ҳисоб рақамини очиш ва мавжуд ҳисоб рақамдан ойига 30 минг рублдан ортиқ маблағ сарфлаш, шунингдек, Россия бўйлаб эркин ҳаракатланиш тақиқланади.

Россияни тарк этганидан сўнг, мигрант ушбу реестрдан чиқарилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид