БМТга беписанд Исроил, Киевни қўллашда иккиланаётган Германия ва Путиннинг баёнотлари — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
БМТ билан урушаётган Исроил
Сўнгги ҳафта ичида Исроил Жанубий Ливандаги БМТ тинчликпарвар контингентига ўнга яқин ҳужумлар уюштириб, ўндан зиёд тинчликпарвар аскарларни яралади.
Сўнгги бир йил ичида Исроил аскарлари Ғазода ишлаб келган БМТнинг камида 220 ходимини ўлдирган, Исроил расмий шахслари эса БМТга нисбатан ёлғон маълумотлар тарқатиб, ташкилотни «антисемит» деб атаб келишмоқда.
15 октябр куни Франция президенти Эммануэл Макрон вазирлар девонининг ҳафталик йиғилишида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу «Исроил БМТ қарори билан ташкил топганини унутмаслиги керак»лигини таъкидлаб, бу ташкилот қарорларини бажаришга беписанд муносабатда бўлишдан огоҳлантирди.
Исроил эса қамал қилинган Ғазо эксклавида соғлиқни сақлаш тизимини қасддан йўқ қилиш сиёсатини олиб бормоқда.
Бу ҳаракатлар ҳарбий жиноятларга, шунингдек инсониятга қарши жиноятларга тенг, дейилади БМТнинг оккупация қилинган Фаластин ерларидаги ҳодисаларни суриштириш бўйича халқаро мустақил комиссияси ҳисоботида.
Исроил зудлик билан Ғазода тиббиёт муассасаларини йўқ қилишдек шафқатсиз ҳаракатларини тўхтатиши керак, — деган комиссия раиси Нави Пиллэй.
«Тиббиёт муассасаларига зарба берар экан, Исроил саломатлик ҳуқуқига зарба бермоқда ва узоқ истиқболдда бу тинч аҳоли саломатлигига салбий таъсир ўтказади. Айниқса, бу болаларнинг саломатлигига оғир юк бўлиб тушади», — деган у.
Ғазодаги вазият
Исроил қамал қилинган Ғазода фаластинликларни геноцид қилиш ва этник тозалаш ишларини олиб бормоқда. «Жабалия» қочқинлар лагерида 200 минг аҳоли 14 кундирки озиқ-овқат, ичимлик суви ва дори-дармонга етиша олмаяпти. Бу ҳақда Ғазо фуқаролик мудофааси бошқармаси матбуот котиби Маҳмуд Басал «Анадолу» агентлигига маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, Исроил армияси эксклавнинг шимолидаги уйлар ва бошқа инфратузилма объектларига бомбалар ёғдирмоқда.
Отишмалар чоғида ўлдирилган фаластинликларнинг жасадлари вайронлар остида, йўлларннг ёқаларида қолмоқда. Исроил армияси ерусти операцияси ўтказа туриб, ҳаракатланган ҳар қандай жисмга қарата ўт очмоқда.
Ғазода яқин бир неча ой ичида илк марта инсонпарварлик ёрдамлари самолётлардан ташланган. Кун кечириш учун энг зарур буюмлар ва озиқ-овқатлар парашютларда Хон Юнус яқинига ташланган.
Техник носозлик туфайли юкларнинг айримлари кўчирилган фаластинликлар жойлашган лагерлар устига келиб тушган. Бу эса бир кишининг ўлимига ва бир неча кишининг яраланишига сабаб бўлган.
Исроил Ғазога айниқса қуруқликдан инсонпарварлик ёрдами етказишга қатъий чеклов ўрнатган. Бу эса озиқ-овқат, дори-дармон ва ёнилғи етишмовчилигини келтириб чиқарган. Очарчилик ёш болалар ва қарияларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда.
2023 йилнинг 7 октябридан буён бошланган босқинда Ғазода ҳалок бўлганлар сони 42 минг 438 кишига етгани маълум қилинмоқда. Уларнинг 11 мингдан зиёди аёллар ва 17 мингдан зиёди ёш болалар. Яна 99 минг 246 киши яраланган.
Исроил армияси эса ўтган даврда 740 нафар аскаридан ажралганини маълум қилган.
Зеленскийнинг «ғалаба» режаси
Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг махфий ғалаба режаси Украинани кучайтириш бўйича конкрет имкониятларга эга бўлган ҳамкорларга тақдим этилганини таъкидлаган.
Зеленскийнинг фикрича, агар улар Украина Россия билан гаплашишни хоҳлашса, «стол атрофида тенг ўтириши» учун Киевни «кучайтириш»лари лозим.
Бундан ташқари, АҚШда бўлиб ўтадиган сайловлардан сўнг янги президент юритадиган сиёсат ўзгарадиган бўлса, бунга жавобан «Б режа» ишлаб чиқилган. Режа урушни янада ривожлантириш ёки тугатишга таъсир ўтказади.
Зеленский шунингдек, Германия Украинани НАТОга таклиф қилишга қарши чиқаётганини ҳам таъкидлаган.
«Биз Украинанинг келажаги ҳақида кўп гаплашдик. Мен учун немисларнинг позицияси жуда муҳим. Фикримча, немислар ҳозирча бироз иккиланиб, ишонқирамай туришибди. Биз ҳар қачонгидан кўра АҚШ билан НАТОга яқинмиз», — деган Зеленский.
У шунингдек, Германия ҳамон узоқ масофаларга уча оладиган қуролларни Украинага беришга кўнмай турганини таъкидлаган.
Бу орада Германияга келган АҚШ президенти канцлер Олаф Шолц билан учрашувда «Украинани адолатли ва барқарор тинчлик топмагунча» қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди.
Байден «Украинани адолатли ва барқарор тинчлик топмагунча» қўллаб-қувватлашни давом эттириш кераклигини таъкидлади. Гарчи бу катта харажат талаб қилса-да, «бу тажовуз ҳукмрон бўлган, йирик давлатлар қўлидан келгани учун ҳужум қилиб, кичикроқ давлатларни қўрқитадиган дунёда яшаш нархига нисбатан пастроқ», деди Байден.
Шолц ҳам Германия Украинани қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашини айтди.
«Путин нотўғри ўйлаяпти. У бу урушга дош бера олмайди», — деди Шолц. Шу билан бирга, у «бу уруш бундан-да катта фалокатга айланиб қолмаслиги учун» НАТОни можарода бевосита иштирок этмаслик ҳақида огоҳлантирди.
КХДР аскарлари Россияда
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл «КХДР қўшинларининг Россияга кўчирилиши» юзасидан шошилинч йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Корея Республикаси президенти офиси маълумотларига асосланиб, Bloomberg хабар қилмоқда.
Баёнотда «шимолий кореялик аскарларнинг Россияга кўчирилиши юзасидан ахборотлар тинглангани» маълум қилинган. Офис буни Жанубий Корея ва жаҳон ҳамжамияти учун «жиддий хавфсизлик таҳдиди», деб баҳолаган.
Жанубий Кореянинг Yonhap ахборот агентлиги хабарига кўра, КХДРнинг 12 мингга яқин аскарлари Россияга келтирилган ва Украинадаги урушга жўнашга тайёр. Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, КХДР аскарлари Россиянинг шарқий ҳудудларида тайёргарликдан ўтмоқда ва ноябрдан бошлаб Украинадаги жангларга киришади. Бундан ташқари, техник персонал аллақачон россиялик ҳарбийларга ракета қурилмаларини ўрнатишда ёрдам бермоқда.
Украина Бош разведка бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов ҳам 2600 нафар аскардан иборат илк КХДР бўлинмаси Курск областига жўнатилишини айтган.
Жанубий Корея разведкаси Приморе ўлкасидаги КХДР аскарлари тайёрланаётган ҳарбий объектлар суратларини намойиш этган.
Суратларда Уссурийскда 400 тача шимолий кореялик аскарлар плацда жойлашгани, Хабаровскда эса КХДРлик 240 та ҳарбий тайёргарликдан ўтаётгани тасвирланган. Ҳар икки сурат 16 октябр куни туширилган, дейилади Жанубий Корея разведкаси пресс релизида.
Путиннинг баёнотлари
Россия президенти Владимир Путин Украинада ядровий қурол пайдо бўлиш имкониятини «хавфли провокация» деб атади.
Россия «ҳеч қандай шарт-шароитларда» Украинада ядровий қурол пайдо бўлишига йўл қўйиб бера олмайди, деган Владимир Путин БРИКС давлатлари оммавий ахборот воситалари раҳбарлари билан учрашувда.
«Замонавий дунёда ядровий қурол яратиш қийин эмас. Мен Украина ҳозир бунга қодир ёки йўқлигини билмайман, лекин бугунги Украина учун бу оддий нарса эмас. Бу ишда кўп мураккаб жиҳат йўқ, қандай қилиниши тушунарли. Лекин бу хавфли провокация. Чунки бу йўналишдаги ҳар қандай қадам, шубҳасиз, тегишли реакцияга дучор бўлаверади», — деган Россия президенти.
Путиннинг қайд этишича, Украина сиёсий раҳбарияти «бир неча бор» «Украина ядровий қуролга эга бўлиши керак», деб такрорлаб келмоқда, боз устига, бу чорловлар кризис қайноқ фазага ўтишдан аввалроқ янграй бошлаган.
«Шуни айтишим мумкинки, Россия бунга ҳеч қачон йўл қўйиб бермайди», — деган Путин.
Россия етакчиси Украинадаги урушни тугатиш ва тинчлик ўрнатиш бўйича мулоқот ўрнатишга тайёр эканини, бунинг учун Истанбул келишувлари асос бўлишини яна бир бор такрорлади.
Мавзуга оид
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024