Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Саудия ҳам Эронга махфий зарбалар берган

Саудия Арабистони Яқин Шарқдаги урушда қироллик ҳудудига амалга оширилган ҳужумларга жавобан Эронга нисбатан кўплаб эълон қилинмаган зарбалар берди. Бу ҳақда Reuters нашри масаладан хабардор бўлган Ғарбдаги ва Эрондаги расмийларга таяниб маълум қилди.

Ғарб расмийларига кўра, Саудия Ҳарбий-ҳаво кучлари амалга оширган ушбу ҳужумлар март ойи охирида юз берган, деб баҳоланмоқда. Улардан бири бу ҳаракатларни шунчаки «Саудия зарбага учраганига жавобан қайтарилган, ўхшаш зарбалар» деб атади.

АҚШ билан чуқур ҳарбий алоқаларга эга бўлган Саудия Арабистони 10 ҳафталик урушда АҚШнинг «ҳарбий соябони»ни тешиб ўтган ҳужумлар қаршисида заиф қолганди.

Reuters агентлиги аниқ нишонлар нима бўлганини тасдиқлай олмади.

Манбаларга кўра, Саудия Арабистони амалга оширилган зарбалар ҳақида Эронни хабардор қилган. Бунинг ортидан интенсив дипломатик алоқалар ва қаттиқроқ қасос ҳақидаги таҳдидлар кузатилган. Бу эса икки давлат ўртасида вазиятни юмшатиш бўйича ўзаро келишувга олиб келган.

Саудия ва Эрон ташқи ишлар вазирликлари ушбу хабарларга изоҳ бермади.

Душанба куни WSJ нашри БАА ҳам Эронга ҳарбий зарбалар бераётганини ёзганди. Бироқ уларнинг ёндашуви бир хил эмас: БАА қатъийроқ позицияни эгаллаб, Эронга оғир товон тўлатишга интилмоқда. Риёд эса Эрон билан алоқаларни сақлаб турибди.

Трамп Хитойнинг ёрдами керакмаслигини айтди

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан урушни тугатиш учун Хитойнинг ёрдамига эҳтиёжи йўқлигини айтди.

«Эрон масаласида бизга бирон-бир ёрдам керак деб ўйламайман. Биз тинч йўл биланми ёки бошқача, барибир ғалаба қозонамиз», деди Трамп Пекиндаги муҳим саммит олдидан.

Ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганига бир ой бўлган бўлса-да, томонлар урушни бутунлай тўхтатиш масаласида ҳеч қандай силжишга эриша олмади.

Манбаларга кўра, Эрон минтақадан нефт ва суюлтирилган табиий газни ташиш бўйича Ироқ ва Покистон билан келишувлар имзолаб, Ҳўрмуз бўғози устидан ўз назоратини мустаҳкамлаяпти. Бошқа давлатлар ҳам шунга ўхшаш битимларни кўриб чиқмоқда, бу эса Теҳроннинг сув йўли устидан назоратини доимий асосда қонунийлаштириши мумкин.