Жаҳон | 23:50 / 21.10.2024
5275
4 дақиқада ўқилади

Россияликлар орасида YouTubeʼнинг секинлашуви рекорд даражада хавотир уйғотаётгани маълум бўлди

РФда «Миллий ташвиш индекси» ҳисоботи эълон қилинди. Унга кўра, охирги уч ойда россияликлар орасида энг кўп қўрқув уйғотаётган ҳолатлар қаторидан YouTubeʼнинг ўчириб қўйилиши ҳам ўрин олди.

Фото: Дмитрий Белицкий

Охирги уч ойда россияликлар орасида энг кўп қўрқув уйғотаётган ҳолатлар қаторидан YouTubeʼнинг ўчириб қўйилиши ҳам ўрин олди. Бу ҳақда «Миллий ташвиш индекси» ҳисоботида сўз боради.

Қайд этилишича, Россия фуқаролари ҳозирда энг кўп Курск областидаги вазиятдан ташвишда. «КРОС» коммуникация компанияси ҳисоб-китобларига кўра, мазкур мавзу бўйича «Ташвиш индекси» 846,5 медиаюнгга тенг, «Ҳафагарчилик индекси» эса 1,2 ни ташкил этмоқда. Одамларни жанговар ҳаракатлар билан бирга, унинг оқибатлари хавотирга солмоқда: аҳоли эвакуацияси ва инфратузилманинг яксон этилиши. Шу билан бирга, ҳисоботда айтилишича, Украина Қуролли кучларининг тезкор ҳужуми ва Россияда янги сафарбарлик тўлқини борасидаги қўрқув ўз долзарблигини йўқотган.

Қўрқув даражаси бўйича иккинчи ўринни YouTube билан боғлиқ муаммолар эгаллади. Бунда «Ташвиш индекси» 459,9 медиаюнгни ташкил этган, аммо «Ҳафагарчилик индекси» 9,2 га етган — бу нафақат жорий йилнинг учинчи чораги бўйича, балки 2019 йилдан бери ўтказиб келинаётган тадқиқот тарихидаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Ижтимоий тармоқларда мазкур ҳолатга боғлиқ воқеалар ОАВдан кўра тўққиз баробар кўпроқ муҳокама қилинган.

Учинчи ўринни ноқонуний миграция муаммоси эгаллади: «Ташвиш индекси» — 253,3 медиаюнг, «Ҳафагарчилик индекси» — 2,7. Экспертлар бу борадаги ташвишларни Россия Давлат думасининг мигрантлар устидан назоратни кучайтириш борасидаги ташаббуси билан боғламоқда. Одамлар ушбу чораларнинг самарадорлигига шубҳа билдиряпти.

Шунингдек, кутилмаган ташвиш манбалари орасидан ёшлар ўртасидаги квадробер субмаданияти ва «чайлдфри пропагандасига» тақиқ ўрин олган. Квадроберлар россияликларда ўз-ўзидан қўрқув уйғотмоқда, чайлдфри тақиқи эса давлатнинг шахсий ҳаётга ҳаддан ортиқ аралашуви билан хавотир туғдиряпти.

«Ростелеком» ва Дума депутатининг YouTube’даги узилишлар ҳақида огоҳлантириши

Июл ойи ўрталарида «Ростелеком» оператор тармоқ инфратузилмасида фойдаланиладиган Google ускунаси ишлашидаги техник носозликлар туфайли Россиядаги фойдаланувчилар учун YouTube'даги эҳтимолий узилишлар ҳақида огоҳлантирган эди. «Ростелеком» айтиб ўтган Google Global Cache тизими оғир маълумотларни юклашни тезлаштиришга имкон беради. ComNews Research ихтисослашган нашри маълумотларига кўра, 2022 йил бошида Россия Федерациясида фаолият кўрсатаётган 700 та шундай сервердан 2023 йил охирига келиб атиги 450 таси қолган. Бозор иштирокчилари ускунанинг табиий эскириши ҳақида огоҳлантирган.

Россия Давлат думаси депутати Александр Хинштейн 25 июл куни Россия расмийлари яқин кунларда YouTube ишини секинлаштира бошлашини айтди. Парламент аъзосининг сўзларига кўра, август ойи бошига бориб, хизматни иш столи компютерларига юклаб олиш тезлиги 70 фоизга тушади. Бироқ, секинлашув ҳали сайтнинг мобил версиясига таъсир қилмайди, деб ишонтирди Хинштейн. Депутат бу чорани Россия расмийларининг «мажбурий қадами» деб атади. У YouTube'ни Россия қонунчилигини менсимасликда айблади ва сервис вакилларини видеохостинг сиёсатини ўзгартиришга чақирди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид