Жаҳон | 10:20 / 23.10.2024
1239
3 дақиқада ўқилади

Лондон Украинага қурол сотиб олиш учун бир миллиардлик ёрдам ваъда қилмоқда

2,7 миллиард евродан ортиқ маблағ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, артиллерия ва бошқа қуролларни сотиб олишни молиялаштиришга йўналтирилиши мумкин. Бу миқдор Буюк Британиянинг Украинага G7 давлатлари томонидан келишилган 50 миллиард долларлик кредитдаги улушидир.

Фото: РИА Новости / Алекс Макнотон

Британия Украинага Россия агрессиясини қайтаришда қўллаб-қувватлаш учун янги кредит ваъда қилди. Буюк Британия Киевга Россиянинг Украинага қуролли ҳужумидан сўнг музлатиб қўйилган Россия активларидан тушган фойда эвазига 2,26 миллиард фунт стерлинг (2,71 миллиард евро) миқдорида кредит беришни режалаштирмоқда, дейилади Британия ҳукумати 22 октябр, сешанба куни эълон қилган баёнотда.

Бу миқдор G7 мамлакатлари томонидан келишилган Украина учун 50 миллиард долларлик пакетнинг Британия улушидир. Британиянинг янги кредити ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, артиллерия ва бошқа қуролларни сотиб олишни молиялаштириш учун ишлатилиши мумкин. Буюк Британия мудофаа вазири Жо Хилининг таъкидлашича, унинг мамлакати томонидан ажратилган кредит фақат ҳарбий мақсадлар учун мўлжалланган ва ундан узоқ масофали ракеталарга қараганда узоқроқ масофани босиб ўта оладиган дронларни яратиш учун фойдаланиш мумкин.

Украина Британиянинг Storm Shadow узоқ масофали ракеталарини сотиб олиш учун пул ишлата оладими, деган саволга, Хили шундай деди: «Улар узоқ масофали учувчисиз самолётлардан фойдаланишни жуда фаол равишда кенгайтирмоқда».

ЕИ Украина учун маблағ доирасида 18 млрд евро ажратишга тайёр

Европа Иттифоқи Украина учун халқаро кредит доирасида тахминан 18 миллиард евро ажратишга тайёр. Бу ҳақда Германия молия вазири Кристиан Линднер 22 октябр куни Ню-Йоркка ташрифи чоғида айтиб ўтди.

«Биз бу ҳафта Украинани қўллаб-қувватлаш борасида муваффақиятга эришиш арафасидамиз», — дея Линднер сўзларини келтирган dpa агентлиги.

Германия Молия вазирлиги раҳбари Вашингтоннинг ҳиссаси тахминан 20 миллиард долларни (тахминан 18,5 миллиард евро) ташкил этиши мумкинлиги учун АҚШга миннатдорчилик билдирди.

Июн ойида «Катта еттилик»нинг барча давлатлари гаров сифатида Ғарб мамлакатларида музлатиб қўйилган Россия активларидан тушган маблағлардан фойдаланган ҳолда йил охиригача Украинага умумий қиймати 50 миллиард доллар (46 миллиард евро) миқдорида кредит беришга тайёрлигини тасдиқлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид