Жаҳон | 20:36 / 23.10.2024
3761
2 дақиқада ўқилади

Россия Давлат Думаси миграция сиёсатини кучайтиришга қаратилган учта қонун лойиҳасини тасдиқлади

Янги қонунлар мигрантлардан тест олиш, ноқонуний миграцияга қарши курашиш ва миграция соҳасида ноқонуний хизмат кўрсатишнинг олдини олишга қаратилган.

Фото: РИА Новости

Россия Давлат Думаси ялпи мажлисда миграция қонунчилигига ўзгартиришлар киритувчи қатор лойиҳаларни биринчи ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда «Коммерсант» хабар берди.

Қайд қилинишича, қонунлардан бирида мигрантлар учун комплекс имтиҳонни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларни учинчи шахсларга беришни тақиқлаш назарда тутилган. Россия қонунчилигига кўра, мигрантлар рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича тест топшириши шарт. Мигрантларни синовдан ўтказадиган таълим ташкилотлари рўйхатини тузиш фақат ҳукумат зиммасига юклатилиши таклиф қилинмоқда.

Ноқонуний миграцияни ташкил этишда фойдаланиладиган ҳужжатларни қалбакилаштирганлик учун юридик шахсларнинг жавобгарлигини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда қабул қилинди. Биринчи қоидабузарлик учун бу 5 миллиондан 10 миллион рублгача, такрор қоидабузарлик учун 10 миллиондан 60 миллион рублгача жарима билан жазоланади. Ҳозир айбдорлар 400 мингдан 1 миллион рублгача жаримага тортилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик бўйича ҳам жарималар оширилмоқда. Жумладан, чет эл фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни сохталаштириш учун жарима 50 мингдан 100 минг рублгача, такрор қоидабузарлик учун - 100 мингдан 300 минг рублгача бўлади. Ҳозир жазо мос равишда 30 мингдан 50 минг рублгача ва 50 минг рублдан 100 минг рублгача.

Миграция соҳасида ноқонуний хизматлар кўрсатиш бўйича таклифлар ва ноқонуний миграцияни ташкил этиш усуллари эълон қилинган сайтларни суддан ташқари блоклаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Бу ўзгариш «Ахборот, ахборот технологиялари ва ахборотни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга киритилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид