Жаҳон | 11:40 / 23.10.2024
2429
2 дақиқада ўқилади

Россия ТИВ АҚШ ядровий доктринадаги ўзгариш бўйича сигналга эътибор беришига умид қиляпти

«Биз ҳақиқатан ҳам сўнгги ўн йилликлардаги энг паст нуқтада турибмиз ва Россия ва Қўшма Штатлар ўртасидаги тўғридан тўғри тўқнашув хавфини эътибордан четда қолдириб бўлмайди», деди Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков.

Сергей Рябков Фото: РИА Новости / Владимир Астапкович

Москва Вашингтон Россиянинг ядровий доктринасини ўзгартириш бўйича ишдаги тийиб турувчи сигналга эътибор беришига умид билдирди. Бу ҳақда Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков маълум қилди.

«Классик ядровий тийиб туриш тўлиқ ишламайди, демак, бизнинг доктринамиз ўзгаришга муҳтож. Умид қиламизки, биз бу ишда қўллаётган тийиб турувчи сигнал Вашингтонда ва НАТОнинг бошқа пойтахтларида тушунилади ва қабул қилинади, Брюсселдаги ҳарбий режачилар ҳам буни қабул қиладилар», — деди Рябков, ТАСС агентлиги унинг сўзларидан иқтибос келтирган.

Дипломатнинг таъкидлашича, Россия Федерациясининг ядровий қуролдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати асосларига ўзгартиришлар киритиш бўйича ишлар «махсус ҳарбий операция» давомида тўпланган тажриба ва Киевнинг «Ғарб ҳомийлари томонидан чексиз қўллаб-қувватлаши» билан боғлиқ барча нарсаларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда. 

«Биз катта урушни хоҳламаймиз, лекин Россия ва рус халқининг асосий хавфсизлик манфаатларига чексиз тажовузга йўл қўймаймиз», деди вазир ўринбосари.

Рябковнинг сўзларига кўра, Россия ва АҚШ ўртасидаги тўғридан тўғри тўқнашув хавфини эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид