Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Теҳрон: қўшнилар ўз ерларидан Эронга қарши фойдаланишга йўл қўймаслигини кафолатлади
Эрон минтақада уруш бўлишини истамайди, лекин ҳар қандай сценарийга тайёр — Эрон ташқи ишлар вазири.
Эронга қўшни давлатлар ўз ерларидан Ислом Республикасига қарши фойдаланишга йўл қўймасликлари ҳақида кафолатлар берган. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Кувайтга расмий ташрифи чоғида журналистларга маълум қилди, деб хабар беради Эроннинг ANA ахборот агентлиги.
«Қўшниларимиз ўз ерларидан Эронга қарши фойдаланишга йўл қўймасликлари ҳақида кафолат берди. Қувайт мен ташриф буюрган минтақадаги 11-давлатдир. Бу мамлакатларнинг барчасида кескинлик тўхташи ва кучайиб кетмаслиги кераклиги тўғрисида консенсус мавжуд», — деди Эрон ташқи ишлар вазири.
Унинг сўзларига кўра, минтақа давлатлари биргаликда ҳаракат қилса, уруш авж олишининг олдини олиши мумкин бўлади.
Айни пайтда Арақчи Эрон минтақада уруш бўлишини истамаслигини, балки ҳар қандай сценарийга тайёр эканини таъкидлади.
«Исроил минтақада урушни кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда, биз бу фалокатнинг олдини олишимиз керак», деб ҳисоблайди Эрон вазири.
«Минтақадаги барча давлатлар Исроилнинг Эронга ҳужумига қарши эканини билдирди. Биз Исроил ҳужуми содир бўлган тақдирда худди шундай жавоб беришимизни таъкидлаймиз», — дея қўшимча қилди у.