Ўзбекистон | 13:35
1417
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ўқитувчилардан мажбурий пул йиғиш топшириғини “замҳоким” бергани тасдиқланди

Жарқўрғон тумани ҳокими ўринбосари Анвар Ражабов ўқитувчилардан мажбурий пул йиғиш бўйича кўрсатма берган. Бу ҳудуддаги 33-умумтаълим мактабида педагоглардан мажбурий пул йиғиш ҳолатини ўрганиш жараёнида ўз тасдиғини топди. Ҳокимлик “замҳоким” интизомий жазога тортилганини билдирди. Бироқ дастлабки расмий муносабат таҳрирланиб, ундан ҳоким ўринбосари исми олиб ташланди.

Фото: Видеодан кадр

Жарқўрғон тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Анвар Ражабов ўқитувчилардан пул йиғиш бўйича топшириқ берган. Ҳокимлик ахборот хизмати тумандаги 33-умумтаълим мактабида кузатилган ҳолат бўйича ўтказилган ўрганиш натижасини маълум қилди.

Ҳокимлик расмий муносабатига кўра, ўрганиш жараёнида айрим мансабдор шахслар томонидан белгиланган тартибларга зид равишда топшириқ берилган ҳолат аниқланган. Хусусан, туман ҳокими ўринбосари Анвар Ражабов томонидан амалдаги қонунчилик талабларига мос келмайдиган кўрсатма берилгани тасдиқланган.

“Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан белгиланган тартибда навбатдаги интизомий жазо чораси қўлланди. Шунингдек, мансабдор шахсдан келгусида бу каби қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик, хизмат ваколатларини амалга оширишда қонунийлик ва масъулият тамойилларига қатъий риоя этиш бўйича тушунтириш хати олинди ҳамда расмий огоҳлантириш берилди.

Ҳар қандай хайрия ва эҳсон тадбирлари фақат ихтиёрийлик асосида, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида амалга оширилиши шарт”, дейилади муносабатда.

Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида барча масъул раҳбар ва мансабдор шахслар билан қўшимча тушунтириш ишлари олиб борилаётгани ҳамда ички назорат кучайтирилгани билдирилган.

Ҳокимлик ўз расмий муносабатида Анвар Ражабовга қандай интизомий жазо қўлланганини очиқламаган. Шунингдек, ҳокимликнинг расмий муносабати уч марта таҳрирланиб, ундан ҳоким ўринбосари Анвар Ражабовнинг исми олиб ташланди.

Kun.uz аввалроқ Жарқўрғон туманидаги 33-умумтаълим мактабида ўқитувчилардан мажбурий пул йиғиш бўйича топшириқ берилгани ҳақида хабар қилганди. “Ҳозир менга ҳоким ўринбосари Анвар Ражабов телефон қилди. Эртага эрталаб соат 9:00 гача 1 млн пулни ҳокимиятга олиб бориб беришимиз керак экан! Дарсим йўқ эди, хабарим йўқ эди деманглар”, дея ёзган мактаб директори Ойсара Узоқова ўз топшириғида.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров

Мавзуга оид