Путин Курск областида украиналик 2000 ҳарбий қуршовда қолганини айтди. Бу қанчалик тўғри?
Катта эҳтимол билан, у Суджадан ғарбда жойлашган Зелёний Шлях хутори ҳудудидаги оғир жангларни тасвирлашда муболағага йўл қўйган.
РФ президенти Владимир Путин «Россия-1» давлат телеканалига берган интервюсида Курск областида «2 минг атрофидаги украин ҳарбийсининг кетиш йўли тўсиб қўйилгани» ҳақида айтди.
«Бир неча участкада ёриб кирилган. Бу участкалардан бирида украин армияси қисмлари давлат чегарасидан узиб қўйилган, улар блокировка ҳолатида», — дея Путиннинг сўзларидан иқтибос келтирган «Интерфакс».
РФ президенти сўзларига кўра, украин қўшини «блокировкани ечишга уринмоқда». Шу билан бирга, Путин унда РФ мудофаа вазирлиги Бош штабининг сўнгги маълумотлари йўқлиги, аммо 24 октябрга ўтар кечасидаги ҳолатга кўра, «бу уринишлар муваффақиятга эришмагани»ни қайд этган.
«Аммо қуршаб олинган одамлар қуршовда эканини унчалик англамаётганга ўхшайди, чунки биздаги маълумотларга қараганда, қўшинлар устидан барқарор бошқарув йўқ», — деган у.
Ўз навбатида, Украина президенти Володимир Зеленский 25 октябр куни кундузи Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирскийнинг ҳисоботини тинглагани ҳақида айтди. «Вазифаларимизни амалга оширмоқдамиз. Бош қўмондон бўлинмаларимиз Курск областининг маълум ҳудудларида топшириқларни бажаргани ҳақида ҳисоб берди», — дея ёзган Зеленский ўз телеграм-каналида.
У Курск областида Украинани «Россиянинг мамлакат шарқидаги ҳарбий ҳаракатларни кенгайтиришидан ҳимоя қиладиган ва Россиянинг сезиларли йўқотишларини таъминлайдиган» «буфер зона» яратилганини яна бир бор таъкидлаган.
Украина қуролли кучлари бош қўмондони Путиннинг украин кучлари қуршаб олингани тўғрисидаги баёнотига алоҳида изоҳ берган. «Бу реал ҳолатни акс этирмайдиган очиқ дезинформация. Украин қўшини Курск йўналишида фаол ҳаракатларни давом эттирмоқда ва уч ойдирки душманнинг ҳарбий салоҳиятини йўқ қилмоқда», — дея ёзган Сирский телеграм-каналида. У РФ қўшини «шахсий таркиб ва ҳарбий техникада сезиларли йўқотишларга учраётгани»ни қўшимча қилган, шу билан бирга, Курск йўналишида «душман шиддат билан босим қилаётгани»ни қайд этган.
«Разбор» бўлими изоҳи
Катта эҳтимол билан, Путин Курск областининг Коренево ва Суджан районлари чегарасида, Олговка қишлоғи ва Зелёний Шлях хутори оралиғидаги участкани назарда тутган. Сўнгги ҳафтада Украина қуролли кучлари қуршов хавфи остида мазкур ҳудуддан Суджа томон чекинган. РФ қуролли кучлари украин қўшини ташлаб чиққан Олговкани эгаллаган. Аммо, «ҳарбий мухбирлар» Украина қуролли кучларининг олиб кетилган ҳарбийларининг бир қисми шу ҳудуддаги ўрмонзорда тўсилиб қолганини иддао қилишган. Буни тасдиқловчи визуал кадрлар тақдим этилмаган.
Бир неча кун муқадда Украина захира кучлари, жумладан 47-механизациялашган бригаданинг Abrams танклари ва Bradley зирҳли машиналари Олговка ва Коренево йўналиши бўйлаб Новоивановка қишлоғи ва Зелёний Шлях хуторига ҳужум қилганди. Тарқалган видеоларга кўра, тўқнашувлардан кейин қишлоқ ҳам, хутор ҳам РФ қуролли кучлари назорати остида қолган.
Сентябр ойи ўрталарида Россиянинг қарши ҳужуми бошланишидан олдин, Украина қуролли кучларининг турли бригадалардан олинган бир неча баталёни (жами сони минг кишидан ортиқ) Коренево район марказидан шимолдаги Александровка ва шимоли-шарқдаги Шептуховкага қадар бўлган катта ҳудудни эгаллаб олди. Хабарларга кўра, ушбу бўлинмаларнинг катта қисми октябр ўрталарига келиб Новоивановка ва Малая Локня томон чекинган. Айрим бўлинмалар Россия артиллерияси ва дронлари зарбалари остида пиёда ҳолда ортга қайтишига тўғри келган.
Мавзуга оид
18:50 / 05.12.2024
Bloomberg: НАТОнинг Украина бўйича стратегияси ўзгарди
16:05 / 05.12.2024
Эрдўған ва Путин Суриядаги урушни муҳокама қилди
13:33 / 05.12.2024
Шолц: Украина қочқинларга Германияда иш топишда ёрдам бермоқчи
11:56 / 05.12.2024