Фан-техника | 23:20 / 26.10.2024
7101
2 дақиқада ўқилади

ChatGPT’ни алдаш ва ундан жиноятларни содир этиш бўйича маслаҳат олиш мумкинлиги аниқланди

Норвегиянинг Strise фирмаси ChatGPT’дан аниқ жиноятларни содир этиш бўйича маслаҳатлар сўраб, тажриба ўтказди.

Фото: Getty Images

Норвегиянинг Strise технологик стартапи ChatGPT чатботини пул ювишдан тортиб, санкция остидаги давлатдан қурол-яроқ экспорт қилишгача бўлган жиноятлар бўйича маслаҳатлар беришга алдов йўли билан мажбурлаш мумкинлигини аниқлади, деб хабар беради CNN. Бу чатботдан ноқонуний фаолиятга кўмаклаш мақсадида фойдаланиб бўлмайди деган кафолатни шубҳа остига қўяди.

Норвегиянинг Strise фирмаси ChatGPT’дан аниқ жиноятларни содир этиш бўйича маслаҳатлар сўраб, тажриба ўтказди. Ўтган ойда ўтказилган тажрибаларнинг бирида чатбот пул ювиш ҳақида маълумот берган. Жорий ой бошидаги тажриба давомида эса ChatGPT санкцияларни четлаб ўтадиган компанияларга ёдам берадиган усуллар рўйхатини тузган.

Strise турли банклар ва йирик компанияларга пул ювиш, санкциялар остидаги шахсларни аниқлаш ва бошқа хатарларни прогноз қилишга ёрдам берадиган дастурий таъминотни сотиш билан шуғулланади. Стартап директори Марит Рёдеванднинг сўзларига кўра, потенциал қонунбузарлар ўз фаолиятини тез ва осон амалга ошириш учун энди сунъий интеллектга асосланган чатботдан фойдаланишлари мумкин.

«Бу ростдан ҳам ортиқча ҳаракат талаб қилмайди. Шу шунчаки телефонимдаги илова», — дейди у CNN’га берган интервьюсида.

Strise OpenAI компанияси томонидан ўрнатилган маълум саволларга жавоб бермаслик борасидаги чекловни айланиб ўтиш мумкинлигини аниқлаган. «Бу худди иш столингда порахўр молиявий маслаҳатчига эга бўлишдек гап», — дея таъкидлайди Рёдеванд.

OpenAI вакили ҳолатга муносабат билдириб, ChatGPT мунтазам такомиллаштириб борилаётганини маълум қилди.

Аввалроқ Apple компаниясининг ички тадқиқотлари ChatGPT аниқлик бўйича Siri’дан 25 фоизга устун экани маълум бўлганди. Бундан ташқари, ChatGPT кўпроқ саволларга жавоб беришга қодир. Бу эса сунъий интеллектга асосланган Apple Intelligence рақобатчиларидан тахминан икки йил ортда қолгани ҳақидаги тасаввурларни кучайтиради.

Мавзуга оид