Жаҳон | 19:23 / 28.10.2024
911
2 дақиқада ўқилади

Дунёда иссиқхона газлари 2023 йилда янги максимумга чиққани маълум қилинди

Жаҳон метеорология ташкилоти ҳисоботига кўра, глобал исиш ва иссиқхона газларининг асосий концентрацияси ошиши натижасида эриётган музликлар ҳалокатли оқибатларини юзага келтирмоқда.

Фото: Getty images

Глобал исиш ва иссиқхона газларининг асосий концентрацияси ошиши натижасида эриётган музликлар ҳалокатли оқибатларни юзага келтирмоқда. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) маълум қилди.

Маълумотларга кўра, иссиқхона газларининг чиқиши янги максимумга қадар ошиб, яна бир бор тезкор чоралар кўриш муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатиб берган.

ЖМТ бош котиби ўринбосари Ко Барреттнинг маълум қилишича, карбонат ангидрид гази метан ва азот оксиди билан бирга атмосферада «инсоният тарихида энг тез» тўпланиб қолаётган асосий иссиқхона газларидан бири ҳисобланади.

Ташкилотнинг 2024 йил бўйича ҳисоботи карбонат ангидрид гази миқдорининг ўсишини зудлик билан камайтириш кераклигига илмий далил бўлиб хизмат қилади. 2004 йилда атмосферадаги ушбу газ миқдори ҳар миллион заррага 377,1 ни (ppm) ташкил этган, 2023 йилда эса мазкур кўрсаткич 420 га (ppm) етган.

«Бу ҳар миллионга 42,9 зарра ошгани ёки 20 йилда 11,4 фоизлик ўсиш содир бўлди дегани», — дейди Берретт.

Унинг сўзларига кўра, далиллар табиий иқлим ўзгарувчанлиги углерод айланишида катта рол ўйнашини кўрсатмоқда. «Аммо яқин келажакда иқлим ўзгаришининг ўзи экотизимни иссиқхона газларининг йирик манбасига айланишига олиб келиши мумкин», — дея таъкидлайди у.

Таҳлилларда келтирилишича, карбонат ангидрид газларининг қарийб ярми атмосферада қолади, чорак қисмидан ортиғи океанга сўрилади ва 30 фоизга яқини қуруқликда сақланиб қолади.

Мавзуга оид