Жаҳон | 16:30 / 29.10.2024
3348
2 дақиқада ўқилади

Индонезияда iPhone 16 сотуви тақиқланди

Фуқаролар ва сайёҳлар фақат шахсий фойдаланиш мақсадида iPhone 16 ни мамлакатга олиб кириши мумкин.

Фото: AFP/Getty Images

Индонезия саноат вазирлиги мамлакат ҳудудида янги iPhone 16 смартфонларини сотишни тақиқлади. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Расмийлар тақиқни Apple компанияси Индонезияга инвестиция киритиш бўйича талабларни бажармагани билан изоҳлади. Вазирлик ҳисоблашича, iPhone сотувининг қисқариши маҳаллий ишлаб чиқариш ривожланишини рағбатлантиради ҳамда АҚШ ва бошқа мамлакатларга технологик қарамликни камайтиради.

iPhone’нинг янги моделини фақат шахсий фойдаланиш учун мамлакатга олиб кириш мумкин, шунингдек, уларни чет элдан курьерлик хизмати орқали буюртма қилса бўлади. Бунда бир кишига, жумладан, туристларга ҳам, Индонезияга кўпи билан иккита iPhone 16 олиб киришга рухсат берилади.

“Фуқаролар томонидан олиб келинган ва солиққа тортиладиган iPhone 16 қурилмалари сотувга қўйилмайдиган шахсий буюмлар ҳисобланади. Улар фақат шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган”, — деди саноат вазирлиги вакили Фебри Ҳендри Антони Ариф.

Августдан октябргача Индонезияга шахсий фойдаланиш учун 9 000 га яқин iPhone 16 олиб кирилган. Бу смартфонларни мамлакат ҳудудида сотиш қонунга хилоф деб топилди.

Тақиқ Apple’нинг бошқа маҳсулотларига тааллуқли эмас, деб ёзади The Wall Street Journal.

Индонезиянинг Antara ахборот агентлиги маълумотларига кўра, компаниянинг маҳаллий бўлинмаси PT Apple Indonesia iPhone 16 ни мамлакатда сотишга лицензия олиш учун 1,71 триллион Индонезия рупияси (108,7 миллион доллар) миқдорида сармоя киритиши керак. Ҳозирда уларнинг ҳажми керакли кўрсаткичдан 240 млрд рупия кам.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид