Жаҳон | 10:30 / 02.11.2024
2682
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага 425 млн долларлик янги ёрдам пакетини тақдим этмоқда

Берилган ҳарбий ёрдам Украинага керакли қурол-аслаҳаларни олиш имконини яратади, дея маълум қилди Пентагон. Гап АҚШ арсеналларида сақланаётган қуролларни топшириш ҳақида кетмоқда.

Фото: picture-alliance

Қўшма Штатлар Украинага ҳарбий ёрдамнинг навбатдаги траншини ажратмоқда. «Пентагон бугун Украинага қўшимча ёрдам кўрсатилишини эълон қилди, бу АҚШ Мудофаа вазирлиги арсеналларидан Украинага 2021 йил августидан бери берилаётган ҳарбий ёрдамнинг 69-траншидир», — дейилади АҚШ мудофаа вазирлиги 1 ноябр, жума куни эълон қилган баёнотда.

Унда қайд этилишича, транш ҳажми 425 миллион долларга баҳоланмоқда. «Бу Украинага жуда зарур бўлган қуролларга эга бўлиш имконини беради, хусусан, гап ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталари, артиллерия ва ЯЎРТ учун ўқ-дорилар, зирҳли машиналар ва танкка қарши қуроллар ҳақида кетмоқда», деб хабар берди Пентагон.

Ҳисоботда гап янги харидлар ҳақида эмас, балки АҚШдаги арсеналларда сақланаётган шу қуролларни топшириш ҳақида кетаётгани қайд этилган.

Зеленский: Tomahawk ҳақидаги маълумотлар махфий эди

Украина президенти Володимир Зеленский Киевнинг Россияни тўхтатиб туриш учун Американинг ўрта масофага учувчи «Томагавк» (Tomahawk) қанотли ракеталарини етказиб бериш ҳақидаги илтимосини тасдиқлади. Бироқ у 30 октябр куни Шимолий Европа ОАВ вакиллари билан суҳбат чоғида бу Украина ва АҚШ расмийлари ўртасидаги махфий маълумот эканини айтди.

«Оммавий ахборот воситаларида ҳозир нима бўлаётганини кўряпсиз: улар Украина «Томагавк» каби кўплаб ракеталарни олишни хоҳлаётганини айтишяпти. Лекин бу Украина ва Оқ уй ўртасидаги махфий маълумотлар эди. Бу хабарларни қандай тушуниш мумкин. Бу ҳамкорлар ўртасида ҳеч қандай махфий нарса йўқлигини англатади», — деди Украина раҳбари.

Tomahawk ракеталарининг масофаси Киев илгари оз миқдорда олган ATACMS қаттиқ ёнилғида ишловчи тактик баллистик ракеталаридан етти баравар кўп.

Мавзуга оид