Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2023 йил октябридан бери Исроил Ғазо секторига 85 минг тоннадан ортиқ портловчи модда ташлади
Атроф-муҳит сифати бўйича Фаластин бошқармаси Ғазо секторидаги экологик офат ҳақида маълумот берди.
2023 йил 7 октябрдан бери Исроил армияси Ғазо секторига 85 минг тоннадан ортиқ портловчи моддани ташлади.
Атроф-муҳит сифати бўйича Фаластин бошқармаси уруш ва қуролли можароларда атроф-муҳитдан фойдаланишнинг олдини олиш халқаро куни муносабати билан бир йилдан ортиқ вақтдан бери Исроил томонидан бомбардимон қилинаётган Ғазо секторидаги экологик офат ҳақида маълумот берди. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 6 ноябр ушбу халқаро кун сифатида эълон қилинган.
Исроил 2023 йил 7 октябрдан бери 85 минг тоннадан ортиқ портловчи моддаларни ташлаган Ғазо секторида қишлоқ хўжалиги ерлари бутунлай вайрон бўлган ва 40 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, дейилади хабарда.
Бошқарманинг таъкидлашича, Ғазо секторига ташланган бомбалар «Иккинчи жаҳон уруши даврида қўлланган бомбалардан анча кучлироқ».
«Исроилнинг тинимсиз бомбардимон қилиши қишлоқ хўжалиги ерларининг катта майдонларини вайрон қилди, ер заҳарли кимёвий моддалар билан ифлосланган, у ўнлаб йиллар давомида экин экишга яроқсиз ҳолга келган», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, бошқарма Исроил Ғазо секторида инсон ҳаёти ва барча тирик организмлар учун хавф туғдирувчи фосфор бомбаларини қўллаганига эътибор қаратди. Бомба портлаши натижасида ерости сувларига тушган кимёвий моддалар Ғазо секторидаги ҳаётга ўнлаб йиллар давомида салбий таъсир кўрсатади, дейилади ҳисоботда.
Фаластин бошқармаси БМТ ва халқаро ҳамжамиятни Исроил ҳужумларини тўхтатиш, атроф-муҳитдан ҳарбий мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш ва халқаро қонунларга риоя этилишини таъминлаш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди.