Жаҳон | 23:26 / 09.11.2024
14403
9 дақиқада ўқилади

“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши

Россия Президенти Путин “Валдай” мулоқот клуби сессиясида қатнашди. Даставвал у бир соат давомида Ғарбни қоралаб, Россияни мақтади. Дунё Россиясиз яшолмаслиги, на Вашингтон, на Брюссел ва на бошқа кучлар буни ўзгартира олишини айтди. 

Президент шунингдек, таҳлилчилар саволларига ҳам жавоб берди. Муҳокамалар Украина уруши, ядровий сиёсат, АҚШнинг янги президенти, Хитой ва Ҳиндистон билан алоқалар, ҳарбий машғулотлар ва бошқа мавзуларда кечди.  Kun.uz Путиннинг асосий гапларини жамлади.

Владимир Путин яна ўз гапини рус миллати ҳамда давлатчилигини улуғлашга қаратилган идеологик фикрлар билан бошлади. Таҳдидларга тўхталаркан, янги глобал эпидемиялар, минтақавий можаролар, иқтисодий инқироз, миграцион босимнинг ортиши, инсон ва сунъий интеллект салоҳияти қарама-қаршилигини хавф сифатида санаб ўтди. Клуб ташкил қилинганига 20 йил тўлган, Путин кейинги 20 йил бундан ҳам қийин бўлишини айтди. Хусусан, демократия энди кўпчиликнинг эмас, камчиликнинг кайфиятини акс эттириб, эркинликнинг фундаментал стандартларига қарши бормоқда. Ғарб демократиясида нацизм, рацизм, терроризм ва ҳаттоки оммавий геноцидни кўряпмиз, дейди Путин. 

Россия президенти нутқининг асосий қисми коллектив Ғарб ва унга бошлиқ Қўшма Штатлар сиёсатини қоралаш мазмунида кечди. Ғарбни ёмонлаган Путин Россияни мақтай кетди, дунё Россиясиз яшолмаслигини ҳам тарих, ҳам фалсафа, ҳам социологиядан билимларини қўшиб, исботлашга уринди.  Масалан, унинг сўзларига кўра, АҚШ шундай шиорга амал қилади, кимда ким Қўшма Штатлар билан бўлмаса, демак унга душман ҳисобланади. Ва мана шу сиёсат Ғарбнинг ўзида тизимли инқирозни бошлаган. Хусусан, мафкуравий ва ҳарбий-сиёсий монополияга даъволар кучайди, Қўшма Штатлар ва Европанинг бугунги ҳаракатлари ўз халқлари манфаатига зид келмоқда, дейди Россия президенти. Шу ўринда Путин Ғарб билан алоқаларини қайта яхшилаш ниятида экани бўйича бир нечта сигналлар ҳам берди. Биз Ғарбни душман сифатида қабул қилмаймиз, деди президент

“Россия Ғарб цивилизациясини душман сифатида қабул қилмайди,  “бизми ёки улар?” деган танловни ҳам қўймайди. Бизнинг ёнимизда бўлмаганлар бизга қарши, деган шиорни ҳеч қачон ишлатмаймиз. Ғарб ҳақиқатан ҳам улкан сиёсий, интеллектуал, маданий ва моддий ресурсларни тўплади, жаҳоннинг асосий кучларидан бири сифатида муваффақиятли ривожлана олди. Ғарб - дунёдаги кучлардан бири холос, лекин гегемон эмас. Менимча Россия ҳақидаги ҳақиқатларни эслатиш шарт эмас. Дунё Россияга муҳтож, на Вашингтон, на Брюссел ва бошқа устун қарорлар буни ўзгартира олмайди”, - Владимир Путин.

Путин нутқида совуқ уруш даврига ҳам тўхталиб, АҚШнинг ўша вақтдаги президентлари буни нотўғри талқин қилгани, ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда дунёни ўзгартира бошлаганини гапирди. Россия президенти Ғарбни уятсиз ва мисли кўрилмаган даражада геосиёсий очкўз давлатлар, деди. 

“Ғарбнинг уятсиз ва мисли кўрилмаган геосиёсий очкўзлиги бу – бизнинг тарихий қарама-қаршиликларимиз асл сабабидир. Югославия, Ироқ, Ливия ва бугунги кунда Украина ҳам, бундан ташқари Яқин Шарқ фожиасини ҳам айтиш мумкин. Ғарбнинг ўзи иккиюзламачилик билан Иккинчи жаҳон урушидан кейин инсоният эришган нарсалар хавф остида эканига ишонтиришга уринмоқда. Лекин таҳдид остида бутунлай бошқа нарса, совет иттифоқи парчалангандан кейин 20-аср охирига келиб Ғарб монополияси таҳдид сола бошлади. Лекин бир нарсани айтмоқчиман, тарихдан билганимиздек, монополиялар, албатта, тугайди, бу монополистларнинг ўзига ҳам зарар. Спортда бўлгани каби ушлаб туриш учун ўйнаш – доим мағлубиятга олиб келади”, - Россия президенти.

Путиннинг танқидларидан БМТ ҳам қуруқ қолмади. Президент «вето» тамойилини асосий ўйинчилар манфаатлари ҳимоячиси деди. 

“Хўш, «вето» ҳуқуқи? Бу нима, «вето» ҳуқуқи нега яратилган ўзи? Халқаро майдонда асосий ўйинчиларга ёқмайдиган, уларнинг манфаатларига тўғри келмайдиган қарорлар қабул қилинмаслиги учунми? Бу яхшими ёки ёмон? Қарорларни қабул қилишда томонлардан бири тўсқинлик қилиши бу ёмон. Лекин кимгадир мос келмайдиган қарорларнинг ўтмаслиги яхши ҳам. Бу норма шунда нимани исботлайди? Музокара хонасига боринг ва гаплашиб олинг, маъно шу холос”, - Владимир Путин. 

Сессияда сўзга чиққан Путин нақд 1 соат тик оёқда туриб, тинимсиз гапирди. Сўнгра давра муҳокамаси бошланди. Залдагилар президентга саволлар берди, дастлабки савол сунъий интеллект хусусида. Президентга кўра, сунъий интеллект бу иқтисодиёт ривожининг энг муҳим элементларидан. Кейинги саволлар технология ва экология хусусида бўлди. Модератор Лукянов Путиндан Трампнинг сайлангани, умуман олганда АҚШдаги президентлар билан ишлаш қандай бўлиши хусусида сўради. Путинга кўра, у ишлаган АҚШ президентларининг ҳаммаси бир-биридан қизиқ одамлар бўлган. 

“Биласизми, уларнинг ҳаммаси қизиқ одамлар. Дунёнинг етакчи давлатларидан бирида ҳокимият чўққисига чиққан одам мутлақо аҳамиятсиз, қизиқ бўлмаган инсон бўлиши мумкин эмас. Хўш, нима бўлди? Гап шундаки, АҚШнинг ички сиёсий маданияти шундай – ичкарида сиёсий кураш тобора кескинлашиб бормоқда. Ҳозир давлат раҳбарининг мухолифлари қандайдир йўл билан бўғиб қўйиш учун ҳар хил усуллардан фойдаланмоқда. Бунда асосан сиёсий бўлмаган воситалар қўлланяпти. Эсингизда бўлса, Бушга кўп ахборий ҳужумлар бўлганди, у жуда саводсиз, ақлсиз, нодон, деган. Аслида ҳаммаси ёлғон. Бизда у билан жуда кўп қарама-қаршиликлар бор эди. Менимча, Россияга бўлган муносабат охир-оқибат улар томонидан қилинган ишлар яширин аралашувлар бор деган хулосани берганди. Аммо шахсий нуқтаи назардан келиб чиқиб айтаман, Буш Техасда губернатор бўлган. Техас мураккаб штат, улкан, лекин у муваффақиятли бошқарган. Мен Буш билан гаплашдим, ишонтириб айта оламанки, шу залда ўтирган бирор кимдан кам эмасди. Шахсан унинг уйида тунаб қолганман, ота-онаси билан ҳам учрашдим, иккаласи ҳам унинг уйида эди. Ўша пайтда у президент эмасди, собиқ президент эди. У менга самимий айтди, биз Москвадаги олимпия ўйинларига тўсқинлик қила бошладик, кейин Россия биздаги олимпиада ўйинларига тўсқинлик қила бошлади. Бу беманилик эди, деди. Ва мана шу ишлар бугун ҳам давом этмоқда. Халқаро олимпия қўмитаси бугун цирк артистларига айланди. Улар олимпия ҳаракатини ўз қўллари билан йўқ қилмоқда. Трамп борасида гапирсам, унга ўзингиз хоҳлаган тарзда муносабатда бўлишингиз мумкин. Унинг суиқасд пайтидаги ҳаракати менда таассурот қолдирди. У жасур одам бўлиб чиқди. Инсон аслида ўзини ғайриоддий шароитларда кўрсатади, Трамп жасур бўлиб чиқди. Биринчи президентлиги хусусида эса билмадим, менда уни ҳар томондан таъқиб қилишган  ва эркин ҳаракатига рухсат берилмаган деган қараш бор. У чапга, ўнгга қадам ташлашдан, ортиқча сўз айтишдан ҳам қўрқарди”, - Владимир Путин.

Сўзи давомида Путин Трампни сайловдаги ғалабаси билан табриклади, Америка халқи ишонган ҳар қандай давлат раҳбари билан ҳамкорлик қилишини билдирди. Россия президенти шунингдек, АҚШ Европа устидан назоратни ушлаб туришини, бу эса охир-оқибат буйруқбозлик занжири заифлашишига олиб келишини ҳам айтди. Европа давлатларининг кўпи ўз манфаатларини унутиб, АҚШга фойда келтирувчи ишларни қиляпти. Украина уруши Вашингтонга Европа давлатлари учун етакчилик ролини кучайтириш имконини берди, дейди у. 

Ядро қуроллари сиёсати бўйича гапирар экан, буни назоратга олиш охирги 20-30 йилгига қараганда мураккаблашганини айтди. Қарийб 4 соат давом этган муҳокамада Путин бундан ташқари Россия долларга қарши курашмаётгани, курашмаслигини, бироқ замон талаблари янги воситалар яратишга мажбурлаётганини, Париж олимпиадасида диндорларнинг ҳис-туйғулари ҳақорат қилинганини, чегаралар ҳисобга олинмагани, Шимолий Корея билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказилиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилиб кетди. 

Мавзуга оид