Жаҳон | 09:08 / 09.11.2024
2795
2 дақиқада ўқилади

Шолц Украина бўйича ҳар қандай музокаралар унинг иштирокисиз ўтказилишини рад этди

Украинадаги урушни тугатиш ечимини фақат шу давлат билан бирга топиш мумкин, деди Германия канцлери Будапештдаги норасмий Европа Иттифоқи саммитидан кейин. Унинг тан олишича, Европа Иттифоқида бу борада турли фикрлар мавжуд.

Фото: Petr David Josek/AP/picture alliance

Украинада тинчлик бўйича музокаралар Россия агрессиясидан ўзини ҳимоя қилаётган бу давлат иштирокисиз бўлмаслиги керак, дейди Германия федерал канцлери Олаф Шолц. Урушни тўхтатиш ечимини фақат Украина билан бирга топиш мумкин, деди у 8 ноябр, пайшанба куни Будапештда бўлиб ўтган ЕИнинг норасмий саммитидан сўнг.

Шолцнинг айтишича, саммитда бу борада турли фикрлар билдирилган. Шу билан бирга, у Украинага қурол-яроғ етказиб беришга қарши бўлган Венгрия бош вазири Виктор Орбанга ишора қилди. Европа Иттифоқининг кўплаб бошқа давлатлари учун Украинани қўллаб-қувватлаш устувор вазифа ҳисобланади, дея қўшимча қилди Германия ҳукумати раҳбари.

Шолц: Украина - ҳужум қурбони

«Украина ҳужумга учради. У Европа давлати, Европа Иттифоқининг бир қисми, демократия ва қонун устуворлиги каби қадриятларини баҳам кўрадиган давлат бўлишга қарор қилди», деди Шолц.

У, шунингдек, ЕИ Киевга 50 миллиард долларлик кредитлар бериш учун шарт-шароит яратиб берганини таъкидлади. «Кўриб чиқилаётган вақтда, айрим мамлакатларнинг молиявий чекловлари ёки сиёсий вазиятнинг ривожланишидан қатъи назар, Украинага ўзининг мудофаа қобилиятини таъминлаш имконини берадиган воситалар мавжуд», деди Германия канцлери.

Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский ўз мамлакатида тинчликка эришиш учун Россия президенти Владимир Путинга ҳеч қандай ён босмасликка чақирганди. Бу «Украина учун номақбул, Европа учун эса ўз жонига қасд қилишдек гапдир», деди у. «Заифликни кўрсатиш ёки баъзи бир Европа позициялари ёки мавқейи билан савдо қилиш адолатли тинчликни сотиб олишда ёрдам беради деган иллюзиялар бўлмаслиги керак. Тинчлик - фақат кучлилар учун мукофот. Кучли Европага муқобил нарса йўқ», — деди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид