Трампнинг янги одамлари. Оқ уйдаги муҳим лавозимларни кимлар эгаллайди?
Сайланган президент аллақачон ўзининг бўлғуси маъмуриятини шакллантиришни бошлади.
АҚШ давлат департаменти (Давлат котиби)
Трамп маъмуриятида ташқи сиёсат идорасини катта эҳтимол билан флоридалик сенатор Марко Рубио эгаллайди — бу ҳақда дастлаб The New York Times ўз манбаларига асосланиб хабар тарқатди, кейин Американинг бошқа кўплаб йирик нашрлари бу маълумотни тасдиқлади.
Журналистларга кўра, бу борада ҳали якуний қарорга келинмаган, аммо сўнгги ҳафталар давомида Америка дипломатияси раҳбари лавозими ҳақида гап кетганда асосан Рубио фамилияси тилга олинган.
Америка нашрлари ёзишича, Трамп сайловолди кампанияси вақтида Рубио номзодини вице-президентлик учун ҳам кўриб чиққан, аммо якунда Жей Ди Вэнс номзодига тўхталган, Рубио эса унинг ишончли вакили сифатида танланган.
53 ёшли Рубио чиндан ҳам бу лавозимни эгалласа, бу унинг Трамп билан муносабатларидаги бурилиш бўлади, дея қайд этади AFP. 2016 йилда, икки сиёсатчи Республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлиш учун курашганида, Рубио Трампни «фирибгар» ва «президентликка даъвогарлик қилганлар орасидаги энг бадахлоқ киши» деб атаганди. Трамп эса Рубиони «кичик Марко» деган ва унинг телевидениедаги чиқишини масхара қилганди.
Рубио конгрессдаги «қирғий»лардан бири саналади. У Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлайди, шунингдек, «Америка душманлари»ҳисобланадиган Эрон, Венесуэла ва Кубага нисбатан қатъий позиция эгаллаган. NY Times эслатишича, 2019 йилда айнан Рубио Трампни Николас Мадурони ағдариш учун (якунда бунга эришилмаган) Венесуэла ҳукуматига қарши кенг кўламли санкциялар жорий қилишга кўндирган.
Рубио Хитой борасида ҳам қатъий сиёсат тарафдори. У конгрессда Хитой ҳукумати томонидан инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида Пекинга қарши чеклов чораларини ишлаб чиқариш билан шуғулланган икки партияли комиссияга ҳамраис бўлган. 2020 йилда у Хитойнинг уйғурлар мажбурий меҳнатидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотларини импорт қилишни тақиқловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққанди.
Рубио Украинадаги уруш борасида аввалига Россияга нисбатан кескин фикрлар билдирган, сўнгги вақтларда эса Трампнинг риторикасига амал қилиб келмоқда: у можаро боши берк кўчага кириб қолгани ва уни якунлаш бўйича ечим топиш зарурлигини айтади. NYT’нинг ёзишича, катта эҳтимол билан, давлат котиби лавозимини эгаллаганидан кейин у Украинани яқин истиқболда НАТОга аъзо бўлишдан воз кечган ҳолда Россия билан тинчлик келишувига эришишга ундайди. У яқиндаги интервюларидан бирида Киев Россия босиб олган ҳудудларни қайтара олмаслиги ҳақида гапирганди.
Бундан ташқари, Рубио Трампнинг АҚШни хориждаги можаролардан холи тутишга қаратилган «биринчи ўринда Америка» номли изоляцияланган ташқи сиёсат позициясини қўллаб-қувватлайди.
Давлат котиби лавозимида у Хитойнинг Осиёдаги таъсирига қарши курашиш зарурати ҳамда Трампнинг АҚШнинг халқаро можародаги иштирокини қисқартириш режалари ўртасида қандай мувозанат топиши асосий савол бўлади.
Пентагон (Мудофаа вазири)
Америка армияси фахрийси ва Fox News бошловчиси Пит Ҳегсет АҚШнинг янги мудофаа вазири бўлади, Марказий разведка бошқармасини эса Миллий разведка агентлигининг собиқ директори (2020-2021 йилларда) Жон Рэтклифф бошқаради.
Ҳегсетнинг лавозими — энг муҳимларидан, аммо кўпчилик учун бу кутилмаган ҳол бўлди, дея ёзади Америка нашрлари.
CNN манбаси хабар беришича, Трамп ўз маъмуриятига танлаётган бошқа кўплаб номзодлардан фарқли ўлароқ, у сўнгги кунларда Мар-а-Лагодаги қароргоҳида Ҳегсет билан учрашмаган.
«Пит қаттиққўл, ақлли ва Америка ҳаммасидан устунлиги тамойилига чин дилдан ишонади, — дейилади Трампнинг баёнотида. — Пит [Пентагон] раҳбарлигида Америка душманлари огоҳлантирилади — бизнинг қуролли кучларимиз яна буюк бўлади ва Америка ҳеч қачон чекинмайди».
Ўтмишда Техасдан конгрессмен бўлган Рэтклифф ҳақида Трамп «у доимо ҳақиқат учун курашувчи ва Америка халқи билан софдил бўлган»ини айтган. «Жон бизнинг давлатимиздаги икки етакчи разведка лавозимини эгаллаган биринчи шахс бўлишидан мамнунман», деган у.
Associated Press Трампнинг биринчи президентлик муддати даврида беш киши мудофаа вазирлиги раҳбари лавозимида ишлашга улгурганини ва Трамп бу сафар «ўзига максимал даражада содиқ номзод»ни танлашини қайд этган.
Аввалига ушбу лавозим учун 2018-2021 йилларда Трамп маъмуриятида давлат котиби бўлган Майк Помпео асосий даъвогар эди, аммо сайланган президентнинг ўзи 9 ноябр куни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Помпео унинг янги маъмуриятидан ўрин олмаслигини маълум қилди.
Шунингдек, Америка нашрларида Вакиллар палатасининг қуролли кучлар бўйича қўмитаси раиси Майк Рожерснинг фамилияси кўп айланди.
AP нашри Трамп ўзининг АҚШнинг хориждаги можаролардаги иштирокини максимал даражада чеклаш истагига қўшиладиган, шу билан бирга Эрон билан муносабатларда қатъий позиция эгаллайдиган номзодни танлаши ҳақида ёзганди. Аммо Пентагоннинг бўлажак раҳбари «Трамп нима хоҳласа, шуни қилишга» тайёрлиги асосий омил бўлади, деб ҳисоблайди агентлик.
Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи
Доналд Трамп флоридалик конгрессмен Майк Уолзни миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси сифатида танлаганини тасдиқлади.
50 ёшли Уолз — АҚШ армияси махсус топшириқли кучлари фахрийси, у Афғонистонда, Яқин Шарқда ва Африкада хизмат қилган. У 2021 йилда қўшинлар Афғонистондан олиб чиқилишини кескин танқид қилганди.
Марк Рубио каби Уолз ҳам Хитой билан муносабатларда қатъий линия тарафдори. У Хитой ҳукуматига қарши коронавирус келиб чиқиши ва уйғурларнинг ҳуқуқларини бузаётгани бўйича айбловлар туфайли АҚШни 2022 йилги Пекин олимпиадасини бойкот қилишга чақирганлар сафида эди. Шунингдек, у Американинг Хитойнинг муҳим минералларига қарамлигини камайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси ташаббускори бўлган.
Украина мавзусида Уолз аввал Киевга узоқ муддат давомида ҳарбий ёрдам кўрсатишни қўллаб-қувватларди, аммо охирги пайтларда АҚШнинг бу йўналишдаги харажатларини қайта кўриб чиқиш зарурлиги ҳақида гапира бошлади.
Майкл Уолз — Трампнинг узоқ йиллик ва содиқ тарафдорларидан. Associated Press нашри эслатишича, 2020 йилда у сайловда мағлуб бўлган Трампнинг овоз бериш натижаларига эътироз билдириш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган.
Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими азалдан нуфузли лавозим бўлиб келган ва бу Сенат томонидан тасдиқланиши талаб этилмайдиган кам сонли лавозимлардан бири саналади.
Ўтган ҳафтада Уолз Конгрессга қайтадан сайланганди ва Оқ уйда ишлаш учун у ўз постини тарк этишига тўғри келади.
БМТдаги доимий вакил
АҚШнинг БМТдаги доимий вакили лавозимига Трамп Вакиллар палатаси аъзоси Элиза Стефаник номзодини таклиф қилди, CNN маълумотига кўра, у сўнгги йилларда «Трампнинг конгрессдаги энг ашаддий тарафдорларидан бири» бўлган.
2014 йилда Стефаник Конгрессга сайланган энг ёш аёл бўлганди — ўшанда у 30 ёшда эди. У ҳозирда конгрессда Ню Йоркнинг 21-тумани вакили ҳисобланади.
Ўз сиёсий карьераси бошида Стефаник мўътадил қарашларга эга бўлган ва Трампни танқид қилган, аммо кейинроқ унинг фаол тарафдорига айланган.
New York Post учун изоҳида Трамп уни «America First ғояси учун ақл бовар қилмас даражада кучли, қатъий ва ақлли курашчи» деб атаганди.
CNN’нинг қайд этишича, Стефаникнинг танланиши АҚШ БМТ билан қатъий муносабатлар ўрнатиш ниятида эканидан далолат беради. Стефаник ташкилотнинг Исроилга нисбатан позицияси учун уни бир неча бор танқид қилган. Октябр ойида у Вашингтон агар Фаластин маъмурияти Исроилнинг ташкилотга аъзолигини тўхтатишга уринишда давом этса, БМТнинг молиявий маблағларини «тўлиқ қайта баҳолаш» имкониятини кўриб чиқиши кераклигини айтганди.
2023 йилда Стефаник амалда АҚШнинг йирик коллежлари раҳбарларига қарши кампанияга бошчилик қилган, унинг фикрича, талабаларнинг Ғазони қўллаб-қувватлаш бўйича оммавий намойишларида антисемитизмга қарши етарлича курашилмаган. Ўша кампания якунлари бўйича Ҳарвард ва Пенсилвания университетлари президентлари истеъфога чиқишга мажбур бўлганди.
БМТдаги доимий вакил роли — глобал кооперация ва хавфсизлик калитидир. Стефаник Украина ва Яқин Шарқдаги можароларнинг фаол босқичида Қўшма Штатлар вакили сифатида ишлайди.
Трампнинг олдинги президентлиги вақтида БМТдаги доимий вакил лавозимини Никки Ҳейли эгаллаганди. 2024 йилда у Трампнинг республикачилар праймеризидаги асосий рақибига айланди. Ҳейли рақибига қарши агрессив кампания олиб борди, аммо пойгадан чиққанидан кейин уни қўллаб-қувватлади. Бироқ, қайта сайланганидан сўнг Трамп Ҳейлини маъмуриятдаги қандайдир лавозимга таклиф қилмаслигини билдирган.
Оқ уй маъмурияти раҳбари
Трамп ўзи «Муз маликаси» деб атаган Сюзан Уайлсни ўз аппарати раҳбари этиб тайинлади — бу сайланган президентнинг кадрлар бўйича расман эълон қилинган илк қарори бўлганди. 67 ёшли Уайлс бу лавозимни олган тарихдаги илк аёлга айланди.
Уайлс амалда Трампнинг бутун сайловолди кампаниясини бошқарган — айнан унинг хизматлари туфайли 2016 ва 2020 йиллардаги кампаниялардан фарқли ўлароқ, Трамп бу сафар деярли можарога дуч келмади, кампаниянинг ўзи эса ўта тартибли ва пухта ўйланган бўлиб чиқди.
CNN манбаси сўзларига кўра, Уайлс лавозимга тайинланишидан олдин Трампдан ўзидан олдингиларга қараганда кўпроқ ваколатларга эга бўлиш, жумладан, Овал кабинетга киришни назорат қилиш бўйича кафолат олган.
Аввалги президентлик даврида Трамп Оқ уй маъмуриятининг тўрт нафар раҳбарини алмаштирганди. Бу лавозимда ҳаммадан кўпроқ (деярли бир ярим йил) хизмат қилган Жон Келли эса ишдан бўшатилгандан сўнг интервюларда Трампни бир неча бор танқид қилган.
Чегара назорати
Трамп ички хавфсизлик вазири ким бўлишини ҳам эълон қилди — бу лавозимни Жанубий Дакота губернатори, 52 ёшли Кристи Ноэм эгаллайди.
Трамп ички хавфсизлик вазирлигининг янги раҳбари ким бўлишини ҳам ўзи учун ҳал қилиб олган — бу лавозимни Жанубий Дакотанинг 52 ёшли губернатори, сайланган президентнинг фаол тарафдорларидан бири Кристи Ноэм эгаллайди.
2019 йилдан буён губернаторлик қилаётган Ноэм миграция чекловларини фаоллик билан қўллайди ва Жо Байден маъмуриятининг бу борадаги сиёсатини кескин танқид қилган. У ҳатто Жанубий Дакота миллий гвардияси отрядларини Мексика билан чегарада навбатчиликни кучайтириш учун Техасга юборганди. У худди Трамп каби ковидга қарши чекловларга қарши чиққан (унинг штатида ниқоб тақиб юриш мажбурий бўлмаган). Бундан ташқари, у аборт ва бир жинслилар никоҳи каби масалаларда ултраконсерватив позицияни эгаллаган.
Ноэмнинг «Америка чегаралари хавфсизлиги»га содиқлиги Трампнинг уни ҳукумат лавозимига таклиф қилишига асосий сабаб бўлган.
Ўз баёнотида Трамп уни «чегара хавфсизлиги масаласида жуда кучли» деб атади ва унинг раҳбарлигида «Америкаликлар ватани ташқи душманлардан ҳимояланган бўлиши»ни таъкидлаган. CNN қайд этишича, Трамп учун бу лавозимни унга содиқ киши эгаллаши муҳим — чунки у ички хавфсизлик вазирлиги фаолиятини ўзининг иккинчи муддатида ички сиёсат кун тартибидаги устувор масалалардан бири деб билади.
Маск ва Рамасвами самарадорлик билан шуғулланади
Миллиардер Илон Маск ва Республикачилар партияси праймеризида президентликка номзод бўлиш учун Трампга рақобатлашган Вивек Рамасвамига Ҳукумат самарадорлиги департаментини (DOGE) биргаликда бошқариш таклиф этилган.
«Бу икки ажойиб америкалик биргаликда менинг маъмуриятимга ҳукумат бюрократиясини йўқ қилиш, ортиқча меъёрий ҳужжатларни қисқартириш, харажатларни камайтириш ва «Американи қутқариш» ҳаракати учун муҳим бўлган федерал агентликларни қайта қуриш йўлини очиб беради», деган Трамп.
Унинг сўзларига кўра, янги департамент ҳукуматдан ташқарида тавсиялар беради ва «кенг кўламли таркибий ислоҳотларни» амалга ошириш ва ҳукуматга нисбатан «аввал кўрилмаган» тадбиркорлик ёндашувини яратиш учун Оқ уй, шунингдек, бюджет бошқармаси билан ҳамкорлик қилади.
Янги департамент (Department of Government Efficiency) аббревиатураси — DOGE — Илон Маск фаоллик билан тарғиб қилаётган Dogecoin криптовалютасига мос келади.
Ҳозирча янги тузилма қандай шаклда бўлиши номаълум.
Шунингдек, Маск ва Рамасвами бу иш билан 2026 йил июлига қадар шуғулланиши маълум қилинган. Шундан кейин уларнинг ваколат муддати якунланиши ёки йўқлигига аниқлик киритилмаган.
Мавзуга оид
08:38 / 21.12.2024
FT: Трамп Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишга ваъда берди
09:55 / 20.12.2024
Шолц ва Трамп телефон орқали Украинадаги урушни муҳокама қилди
17:34 / 18.12.2024
Трамп дастлаб миллион мигрантни депортация қилишни режалаштирмоқда — ОАВ
11:05 / 17.12.2024