Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизовнинг «Ўзбекистон Республикаси муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини тоифалаш ва уларнинг ягона реестрини шакллантириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи имзоланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Тасдиқланган вақтинчалик низомга кўра, муҳим ахборот инфратузилмаси объектларига эгалик қилувчи субъектлар ҳар йили камида бир марта ушбу объектларни тоифалаши шарт. Бунинг учун тегишли комиссия тузиш лозим.

Муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини тоифалашнинг 3 та мезони белгиланмоқда.

Юқори даражадаги:

– киберхавфсизлик ҳодисаси натижасида ишдан чиқиши туфайли жуда кўп миқдорда зарар етиши, 20 дан ортиқ одамнинг соғлиғига зарар етиши, 500 дан ортиқ одамнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилиши ёки катта экин майдонига (1000 квадрат метрдан ортиқ) тенг бўлган ҳудудда атроф-муҳитга зарар етиши мумкин бўлган объектлар;

– давлат сирларига оид маълумотлар айланмаси мавжуд бўлган, шунингдек ёқилғи-энергетика, атом энергетикаси, соғлиқни сақлаш, телекоммуникация ва қўриқланадиган шахслар доимий ёки вақтинчалик турган жойлардаги объектлар.

Ўрта даражадаги:

– киберхавфсизлик ҳодисаси натижасида ишдан чиқиши туфайли кўп миқдорда зарар етиши, 10 дан ортиқ, бироқ 20 дан кўп бўлмаган одамнинг соғлиғига зарар етиши, 100 дан ортиқ, бироқ 500 дан кўп бўлмаган одамнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилиши, ўртача катталикдаги (250 квадрат метрдан 1000 квадрат метргача бўлган экин майдони) экин майдонига тенг бўлган ҳудудда атроф-муҳитга зарар етиши ёки давлатнинг нуфузи ва обрўсига зарар етиши мумкин бўлган объектлар.

Паст даражадаги:

– юқори ва ўрта даражадаги муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари тоифасига кирмайдиган объектлар.

Объектлар тўғрисидаги маълумотлар муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг реестрини юритиш учун Давлат хавфсизлик хизматига юборилади.

Буйруқ жорий йил 13 ноябрдан кучга кирди ҳамда 2029 йил 1 январга қадар амал қилади.

Муҳим ахборот инфратузилмаси нима?