Жаҳон | 15:29
5389
4 дақиқада ўқилади

Вилнюс аэропорти яқинида юк ташувчи Boeing қулаб тушди

Душанба тонгида DHL компаниясининг юк ташувчи самолёти Вилнюс аэропортига қўниш чоғида ҳалокатга учради, деб хабар бермоқда маҳаллий расмийлар. Экипаж аъзоларидан бири ҳалок бўлган. Flightradar24 сервиси маълумотига кўра, Boeing 737 Литва пойтахтига Лейпцигдан учиб келганди.

Фото: Facebook

Самолёт икки қаватли турар жой биноси яқинига қулаб тушган, деб хабар беради Delfi нашри, воқеа жойида кучли ёнғин келиб чиққан. Аэропорт вакили Reuters’га бу Boeing 737-400 бўлганини маълум қилган.

«Самолёт уйга эмас, ҳовлисига тушгани омадимиз келгани бўлди», — деган Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Ренатас Пожела.

Унинг сўзларига кўра, экипажнинг тўрт аъзоси, жумладан икки учувчи топилган, улардан бири ҳалок бўлган.

«Икки кишини тиббиёт ходимлари шифохонага олиб боришган, бири жон берган. Дастлабки маълумотларга кўра, улар самолётда бўлган одамлар», — дея хабар берганди олдинроқ ўт ўчириш бошқармаси вакили Саулюс Рашевскис.

Самолёт бортида икки учувчи ҳамда DHL компаниясининг икки ходими бўлган, деб хабар тарқатган LRT телерадиокомпанияси.

Полиция маълумотига кўра, самолёт ҳалокати оқибатида икки қаватли турар жой биноси шикастланган, ундаги тўрт квартирада уч оила яшайди. Ўт ўчирувчилар 12 кишини эвакуация қилишган, жабрланганлар йўқ.

Вилнюс аэропорти қисқа вақтлик танаффусдан кейин фаолиятини давом эттирган.

«[Самолёт] аэропортга бир неча километр масофага қолганида қулаган, бир неча юз метрга судралиб борган, унинг парчалари турар жой биносига теккан, — дея ўт ўчириш хизмати раҳбарининг сўзларини келтирган LRT. — Уй атрофида ёки унга ёндош инфратузилмада ёнғин рўй берган. Уй бироз шикастланган, аммо биз одамларни муваффақиятли эвакуация қилдик».

Flightradar24 сервиси маълумотларига кўра, Boeing 737 юк машинаси маҳаллий вақт билан соат 02:08 да Лейпцигдан учган. Самолёт 1993 йилда ишлаб чиқарилган, унинг оператори испанларнинг Swiftair авиакомпанияси бўлган. У халқаро компаниялар томонидан DHL компанияси юклари ва ҳужжатларини ташишда фойдаланилган.

LRT хабарига кўра, Лейпцигдан ҳавога кўтарилган самолёт Литва вақти билан эрталабки соат 5:30 атрофида Лепкалнис ҳудудига қулаган.

Инқирозли вазиятларни бошқариш миллий маркази раҳбари Вилмантас Виткаускас журналистлар билан суҳбатда Boeing юк самолёти бахтсиз ҳодисага йўлиққанини айтган. «Бизда бахтсиз ҳодиса рўй берди, — деган Виткаускас. — Айни вақтда тафсилотлар ва сабаблар ўрганилмоқда».

Delfi нашри ёзишича, полиция бош комиссари Арунас Паулаускас матбуот анжуманида саволларга жавоб бераркан, самолёт ҳалокати теракт билан боғлиқлиги версияси ҳам истисно этилмаслигини билдирган.

«Менимча, буни ҳеч қачон истисно этиб бўлмайди. Бу ўрганилиши, текширилиши керак бўлган версиялардан бири. Олдинда узоқ иш турибди», — дея изоҳлаган у.

Reuters агентлиги Германияда йил бошида Лейпцигдаги омборда жўнатмалар ичига яширилган ёндирувчи мосламалар келтириб чиқарган ёнғинлар юзасидан суриштирув ишлари ўтказилаётганини эслатган.

Апрел ойи охирида икки нафар британиялик Лондонда келиб чиқишига кўра Украинада бўлган шахсга тегишли компаниянинг омборига ўт қўйиш учун Россия махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилгани бўйича расман айблов эълон қилинганди.

Ноябрда Полша прокуратураси Полша, Германия ва Буюк Британияда курерлик хизматлари томонидан ташилган посилкалар билан боғлиқ қатор ҳодисалар гўёки Москвадагилар амалга оширган амалиёт натижаси эканини маълум қилганди.

Мавзуга оид