Жаҳон | 22:25 / 02.12.2024
1783
3 дақиқада ўқилади

Байден Трампнинг янги сиёсатидан қўрқиб, Украинага ҳарбий ёрдамни оширди — ОАВ

Украина иттифоқчилари янги президент Доналд Трамп лавозимга киришгандан сўнг, Украинадаги урушга оид сиёсатда кескин ўзгаришлар бўлишидан хавотирланмоқда.

Фото: AP

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украинага миллиардлаб долларлик қўшимча қурол-яроғларни топшириш бўйича музокаралар олиб боришга ҳаракат қилмоқда, бироқ мамлакат ичида бундай қарор АҚШ захираларини қисқартириши ва бошқа мақсадлар учун мўлжалланган ресурсларни олиб қўйиши мумкинлигидан хавотирда. Бу ҳақда расмийларга таяниб The Washington Post (WP) ёзди.

Қайд этилишича, бундай ташаббус Украина иттифоқчиларининг янги президент Доналд Трамп лавозимга киришгандан сўнг, Украинадаги урушга оид сиёсатда кескин ўзгаришлар бўлишидан хавотирлари туфайли таклиф этилган. Айрим расмийларга кўра, Байден маъмурияти Украина етакчилари сафарбарлик ёшини АҚШ талаб қилинганидек 25 дан 18 га туширмоқчи эмаслигидан ҳафсаласи пир бўлган.

Маъмурият расмийларининг таъкидлашича, президент Жо Байденнинг ваколат муддати тугагач, Россия ҳудудига ракета зарбалари йўллашга рухсат бериш ҳақидаги қарори Украинага вазиятни назорат қилиш учун бироз вақт бериши мумкин. Шунга қарамай, расмийлар Украина ҳукуматини ўз армиясини 160 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар билан кенгайтиришга чақирмоқда.

«Украина ва Россия ўртасидаги қурол фарқи тўлиқ бартараф этилмаган бўлиши мумкин, аммо у сезиларли даражада яхшиланди. Жангчиларга келсак, бу фақат математика ва физика масаласи. Мен Украинани ҳеч нарсада айбламоқчи эмасман. Бу жуда қийин масала. Лекин, айниқса, ўтган йил давомида улар жанг майдонидаги йўқотишларни ўрнини босиш учун етарлича аскарларни тўпламаган ва тайёрламаган», деди исмини ошкор қилишни истамаган амалдорлардан бири.

Шунингдек, АҚШ юқори мартабали мудофаа амалдорларидан бири Украинага бундай қисқа муддатли ёрдамнинг асосий хавфи бошқа миссиялар учун таҳдид бўлишини таъкидлади, чунки ҳарбийлар Европа мамлакатларида катта миқдордаги ҳарбий техникани жойлаштириш учун кўпроқ маблағ ва ходимлар ажратмоқда.

«Бугунги кунда жанг майдонидаги энг ҳал қилувчи омил - бу фронт чизиғини барқарорлаштириш учун жанг қилишга тайёр бўлган украина аскарлари», деб қўшимча қилди у.

Ўз навбатида, ҳарбий таҳлилчилар Донецк области ғарбида Покровск ва Великая Новоселка, шунингдек, Украина таъминот линияларига таҳдид соладиган Россия қўшинлари сони кескин кўпайганини қайд этишмоқда.

Бироқ АҚШ мудофаа расмийсининг фикрича, таҳдид унчалик кучли эмас, чунки Покровск жанубидаги ҳудуд унчалик яхши ҳимояланмаган, Украина ҳарбийлари эса хавфсизроқ позицияларга чекинмоқда.

Аввалроқ Reuters журналистлари АҚШ Украина учун 725 миллион долларлик қурол-яроғ пакетини тайёрлаётгани ҳақида хабар берган эди. Хусусан, Байден маъмурияти АҚШ захирасидан турли хил қурол-яроғлар, жумладан пиёдаларга қарши миналар, дронлар, Стингер ракеталари ва HIMARS артиллерия ракета тизимлари учун ўқ-дорилар билан таъминлашни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид