МОҚ ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари-2025 мезбонлиги Ўзбекистондан олиб қўйилганига изоҳ берди
Пандемиядан кейинги чекловлар сабабли Олимпия шаҳарчаси қурилиши учун зарур воситалар етказиш жараёнида узилишлар кузатилгани ва фойдаланишга топшириш муддати кечикишини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон томони ООКдан мусобақани яна бир йилга суришни сўраган.
Осиё Олимпия кенгаши Ўзбекистон мезбонлигида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Ёшлар ўртасидаги 3-Осиё ўйинлари 2025 йилда Баҳрайнда ўтказилишини маълум қилгани тўғрисида хабар берилганди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Осиё ёшлар ўйинларига мезбонлик қиладиган давлат номи нима сабабдан ўзгаргани юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, бугун, 2 декабр куни Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтган. Онлайн форматда ташкил этилган мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Спорт вазирлигининг мурожаатини кўриб чиқиш ҳам ўрин олган.
Тошкентда қурилаётган Олимпия шаҳарчаси фақатгина ёшлар Осиё ўйинлари учун эмас, мажмуани келгусида ўзбек спортининг тараққиётини янги босқичга олиб чиқадиган илмий-методик кластерга айлантириш кўзда тутилган. Унда замонавий спорт объектларидан ташқари Спорт вазирлиги, кўплаб федерация ва ассоциациялар, спорт академияси, спорт тиббиёти илмий-амалий маркази каби иншоотлар ҳам ўрин олиб, бу масканда терма жамоаларимизни тайёрлашдаги назария ва амалиёт бирлашади.
Таъкидланишича, пандемиядан кейинги чекловлар сабабли Олимпия шаҳарчаси қурилиши учун зарур воситалар етказиш жараёнида узилишлар кузатилгани ва фойдаланишга топшириш муддати кечикишини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон томони ООКдан мусобақани яна бир йилга суришни сўраган.
Бироқ Олимпия спорт турларидаги беллашувлар келгусида Dakar-2026 ўсмирлар ёзги Олимпия ўйинларига саралаш вазифасини бажариши назарда тутилгани боис ООК III ёшлар Осиё ўйинлари 2025 йилда ташкил этилиши муҳимлигини билдирган.
Шу туфайли, ООК III ёшлар Осиё ўйинлари мезбонлигини Баҳрайнга топширган ва Ўзбекистонга Ислом бирдамлиги ўйинлари ёки Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари каби катталар миқёсидаги йирик комплекс тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўришни тавсия қилган.
«Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон оммавий спорт ва олимпия ҳаракатини ривожлантиришга содиқ қолмоқда. Шу маънода, Олимпия шаҳарчасини барпо этиш, ундан унумли фойдаланиш ва унинг негизида спортимизни янги босқичга кўтариш бўйича президентимиз томонидан берилган барча топшириқлар ижроси таъминланади ва келажакда бу мажмуа йирик спорт тадбирларини ўтказишга ҳар томонлама тайёр бўлади», — дейилади муносабатда.
Мавзуга оид
16:46 / 02.12.2024
Олимпия шаҳарчаси белгиланган муддатда якунланмаслиги сабабли Ўзбекистон мезбонликдан воз кечди – Осиё олимпия кенгаши баёноти
21:47 / 10.09.2024
Шавкат Мирзиёев Тошкентда Олимпия шаҳарчаси қурилишини бориб кўрди
14:58 / 18.11.2023
Шавкат Мирзиёев Олимпия шаҳарчаси қурилиши билан танишди
03:01 / 12.11.2023