— “Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими”нинг мақоми қандай?
— “Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими” Ўзбекистон Республикаси билан Европа ҳамжамиятлари ва уларнинг аъзо давлатлари ўртасида 1996 йил 21 июнда Италиянинг Флоренция шаҳрида имзоланган амалдаги “Ўзбекистон Республикаси, бир томондан, ва Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга аъзо давлатлар, иккинчи томондан, ўртасида шерикчилик таъсис этувчи Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим”нинг мантиқий давоми ва янги шаклидир.
Мазкур битим ҳуқуқий табиатига кўра янги турдаги “учинчи авлод” шартномалари туркумига киради. Ушбу шартномавий келишувда Ўзбекистон Республикаси бир томондан, Европа Иттифоқи иккинчи томондан, ва айни пайтда ташкилотнинг 27 та аъзо давлати шартнома томонлари сифатида иштирок этади. Бунда ҳуқуқ ва мажбуриятлар нуқтаи назаридан ҳамда ваколатлар тақсимоти қоидасидан келиб чиқиб, Европа Иттифоқи ва унинг аъзо давлатлари битимнинг айрим моддалари бўйича биргаликдаги, айрим моддалари бўйича эса алоҳида мажбуриятларга эга бўлади. Шу боис мазкур шартнома “аралаш (mixt) шартнома” сифатида ҳам тавсифланади.
Европа Иттифоқининг истиқболдаги кенгайиши натижасида ташкилотнинг янги аъзолари ҳам ўз-ўзидан ушбу шартноманинг иштирокчисига айланади. Яъни яқин ва ўрта муддатли истиқболда Шимолий Македония, Черногория, Сербия, Албания, Молдованинг иттифоққа қўшилиши ушбу битимнинг жуғрофий қамрови ва ҳудудий юрисдикциясини ушбу мамлакатлар ҳисобига янада кенгайтиради.
Шунингдек, Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими ҳадли характерга эга эмас, балки Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида, айниқса савдо-иқтисодий алоқалар соҳасида кенг кўламли ҳамкорликнинг тўғридан тўғри ижро механизмини яратади.
Битим 1969 йилдаги “Шартномалар ҳуқуқи тўғрисида”ги Вена конвенцияси, “Ўзбекистон Республикасининг Халқаро шартномалари тўғрисида”ги қонун, “Европа Иттифоқи тўғрисида”ги Лиссабон шартномасининг 21-49-моддалари, “Европа Иттифоқининг амал қилиши тўғрисида”ги Лиссабон шартномасининг 205-222-моддалари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг бошқа нормаларига мувофиқ тузилган.
Таркибий тузилишига кўра битим 9 та бўлим, 356 та модда ва 14 та иловадан иборат.

— Битимнинг қисқача мазмуни нимадан иборат?
— Кенгайтирилган шeриклик вa ҳaмкoрлик битими ҳамкорликнинг кенг масалаларини қамраб олади. Битимда савдо ва унга тегишли масалалар, шу жумладан божхона маъмурчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат ва давлат корхоналарининг фаолияти, давлат харидлари, низоларни ҳал қилиш ва бошқа соҳалар билан боғлиқ қоидалар ўрин олган.










