Жаҳон | 21:12 / 03.12.2024
7120
2 дақиқада ўқилади

Хитой Доналд Трампнинг BRICS аъзоларига нисбатан таҳдидларига жавоб берди

АҚШ бўлажак президенти агар BRICS аъзолари долларга муқобил валютани яратса, 100 фоизлик божлар билан таҳдид қилган эди.

Фото: AP

Хитой BRICS доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда давом этади, деди мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги вакили Лин Цзян брифингда Доналд Трампнинг таҳдидларини изоҳлар экан.

Аввалроқ, Трамп BRICS мамлакатларига таҳдид қилиб: «Биз бу мамлакатлардан янги BRICS валютасини яратмаслик ёки қудратли АҚШ доллари ўрнини босувчи бошқа валютани қўллаб-қувватламаслик мажбуриятини талаб қиламиз, акс ҳолда улар 100 фоизлик тарифларга дуч келади», деган эди.

«Хитой турли соҳаларда ишбилармонлик ҳамкорлигини чуқурлаштириш ва жаҳон иқтисодиётининг барқарор ўсишига кўпроқ ҳисса қўшиш учун BRICS бўйича ҳамкорлар билан ишлашни давом эттиришга тайёр», деди Лин Цзян журналистларга.

У BRICS мамлакатлари очиқлик, инклюзивлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик тарафдори эканини, блоклар қарама-қаршилигида қатнашмаслиги ва учинчи томонларни нишонга олмаслигини таъкидлади.

Шу йилнинг октябр ойида Қозонда бўлиб ўтган саммитда BRICS аъзолари умумий валютага ўтиш имкониятларини муҳокама қилди, деди Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков. «Бу ёпиқ масаладир, баъзи ҳамкасбларимиз бу масалаларни очиқ муҳокама қилишда жуда эҳтиёткор бўлишади», деди у.

BRICS мамлакатлари ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар учун ягона валюта яратиш ғояси эътиборга лойиқ, аммо лойиҳани амалга ошириш қийин, деди Россия Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллина 2023 йил июл ойида. «Бу кўплаб томонларнинг розилигини талаб қилади, бу осон лойиҳа эмас», деди Набиуллина.

Ҳозир BRICS 10 та давлатдан иборат: Россия, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка, Саудия Арабистони, БАА, Миср, Эрон ва Эфиопия.

Мавзуга оид