Жаҳон | 23:41 / 03.12.2024
4306
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқининг яна бир давлати мажбурий ҳарбий хизматни қайта тиклаши мумкин

Август ойида Хорватия 2025 йил 1 январдан мажбурий ҳарбий хизматни қайтариши маълум бўлганди. 2023 йилда Латвияда муддатли ҳарбий хизмат яна йўлга қўйилди. Норвегияда эса қўшимча 20 минг аскар ва захирадаги ҳарбий хизматчилар учун режа ишлаб чиқилди.

Фото: Getty Images 

Нидерландия Мудофаа вазирлиги 27 йилдан сўнг мажбурий ҳарбий хизматга чақирувни тиклаш масаласини кўриб чиқмоқда, бу ҳақда мамлакат мудофаа идораси ҳужжатларига таяниб, RTL Nieuws телеканали хабар берди.

Нидерландия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 17 ёшли барчани муддатли ҳарбий хизматга чақириш ҳар йили 200 минг нафаргача янги аскарни ўқитиш ва жой билан таъминлаш демак — айни вақтда буни амалга ошириш имконсиз. Ҳозирда мудофаа идораси йилига узоғи билан минг кишини ўқитиш ва тайёрлашга қодир, 2029 йилга бориб ушбу кўрсаткични 9 мингга чиқариш режалаштирилган.

Айни вақтда Нидерландия 42 минг аскарли профессионал армияга эга, аммо катта жанговар можаро юз берса, мамлакатга кўпроқ қўшин керак бўлади. Қонунга мувофиқ, армияга 17 ёшдан 45 ёшгача бўлган эркаклар ва 17 ёшдан 23 ёшгача бўлган аёллар чақирилиши мумкин. Нидерландияда мажбурий ҳарбий хизмат ҳеч қачон бутунлай бекор бўлмаган. 1997 йилда мамлакат мажбурий чақирувни тўхтатган эди.

Телеканалнинг қайд этишича, профессионал ҳарбий хизматчиларга бўлган амалдаги талаб, хусусан, тиббий кўрсаткичлар потенциал чақирилувчилар учун ҳаддан ортиқ юқори. Мудофаа вазирлигига кўра, идора бўлажак хизматчиларни саралаш учун кўпроқ психологларни жалб этишга мажбур бўлади.

Энг катта муаммо — ресурслар етишмаслиги: ўқитиш учун инфратузилма, ускуналар, қуроллар, ўқ-дорилар ва ётоқлар.

Нидерландия Қуролли кучлари қўмондони Оно Эйхелсхейм RTL Nieuws’га берган интервюсида ҳозирда мажбурий ҳарбий хизматни қайтариш режаси йўқлигини маълум қилди. «Бу долзарб ҳам, керак ҳам эмас», — дейди у. Шу билан бирга, қўмондон юқоридаги масала муҳокамасини «назарий машқ» деб атаб, армияда ўқув базалари, казармалар каби ресурслар йўқлигини билдирди.

Август ойида Хорватия 2025 йил 1 январдан мажбурий ҳарбий хизматни қайтариши маълум бўлганди. Ҳарбий хизмат муддати — икки ой. Ушбу қарор Россиянинг Украинага қарши босқини фонида Европада кескинлик ошгани сабаб қабул қилинган. Шунингдек, Европанинг бошқа давлатлари ҳам муддатли ҳарбий хизматни қайтариш масаласини кўриб чиқмоқда, айримлари эса бундай чораларни кўришга улгурди. Хусусан, 2023 йилда Латвияда муддатли ҳарбий хизмат яна йўлга қўйилди. Ҳарбий хизмат мажбурий бўлган Норвегияда эса қўшимча 20 минг аскар ва захирадаги ҳарбий хизматчилар учун режа ишлаб чиқилди.

Мавзуга оид