Россия Федерал бюджети ижроси тўғрисидаги чораклик ҳисоботлар Россия Қуролли кучларига шартнома асосида ҳарбий хизматга жалб қилинаётган аскарлар миқёсини аниқлаш мумкин бўлган кам сонли воситалардан бири. Бу ҳужжатдан давлатнинг шартнома имзолаш учун тўловлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам ўрин олган ва уларга асосан мустақил тадқиқотчилар ҳар уч ойда Россия армияси сафига бориб қўшилаётган кўнгиллиларнинг тахминий сонини аниқлай олишади. «Медуза» нашри бюджетнинг июл-сентябр ойларидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботга кўра шу услубиятдан фойдаланиб, натижани аввалги чораклар билан таққослаб кўрди ва айни пайтда шартнома асосида хизматга жалб қилиш суръатлари Россия армиясининг урушдаги тикланмас йўқотишлари суръатларидан анча паст бўлиши мумкин, деган хулосага келди.
Россия армиясига шартнома асосида хизматга жалб қилинаётганлар сонида 2024 йилнинг учинчи чорагида иккинчи чоракка нисбатан сезиларли қисқариш рўй берган. Бу Бюджет тизими ягона порталига жойлаштирилган федерал тизим ижроси тўғрисидаги ҳисоботда акс этган.
1 октябрга келиб шартнома асосида ҳарбий хизмат ўтаётган аскарларга бир марталик тўловлар учун умумий суммада 48,56 млрд рубл сарфланган. Бу биринчи ярим йиллик натижаларидан 16,14 млрд рублга кўп. Иккинчи чоракда тўловлар суммаси 18,1 млрд рублдан иборат бўлган. Уларнинг катта қисми — 47,4 млрди армияга ва фақат 1,13 млрди Миллий гвардияга тўғри келади.
Шартнома асосида жанг қилаётганлар учун бир марталик тўловга умумий харажатлар пасайиши ўша тўловлар миқдори икки марта оширилиши фонида юз берган. Владимир Путиннинг 2024 йил 31 июлдаги фармонига кўра, 1 августдан йил охиригача Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаганлик учун бир марталик федерал тўлов 195 минг рублдан 400 минг рублгача оширилганди. Бунгача белгиланган «нархлар» 2022 йил 21 сентябридан буён амал қилиб келаётганди.
Шартнома имзолаган чоғда аскар қўлга киритадиган бир марталик тўловларнинг катта қисмини федерал эмас, маҳаллий бюджетлар қоплаб беради. Айни пайтда аксарият жойларда улар бир неча миллион рублга етган, боз устига, ҳудудларга қараб суммалар фарқланади ва доимо ошиб бормоқда.
Федерал бюджетдан марказлаштирилган ва фиксация қилинган тўлов мавжудлиги шартнома асосида хизматга жалб қилиш динамикасини кузатиш имконини беради. Бюджет харажатлари тўғрисидаги ҳисоботлар бўйича умумий харажатлар суммаси ҳамда 195 минг рубллик (1 августдан 400 минг рубллик) федерал тўлов миқдорини билиб, имзоланган шартномалар сони ва кўнгиллиларни хизматга жалб қилиш динамикасини осонгина ҳисоблаб топиш мумкин.


















