Жаҳон | 17:46 / 07.12.2024
7659
2 дақиқада ўқилади

Эрон Суриядаги ҳарбийлари ва дипломатларини эвакуация қилишни бошлади. Миср ва Иордания Башар Асадга мамлакатни тарк этишни таклиф қилди

Эронликлар Сурияни нафақат Теҳронга учадиган авиарейслар, балки Ливан ва Эрон чегараси орқали ер усти транспорти, шунингдек, Латақия портидан денгиз йўли орқали ҳам тарк этмоқда.

Фото: Bakr Al Kassem / AFP / Getty Images

Эрон ўз дипломатлари ва ҳарбийларини Суриядан эвакуация қилишни бошлади, деб хабар беради The New York Times. Манбаларнинг сўзларига кўра, Сурияни «Ал-Қудс» — Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси командирлари ҳам тарк этган.

NYT суҳбатдошларининг қайд этишича, Сурияни айрим дипломатлар ҳам тарк этмоқда. Эронликлар эса мамлакатдан Теҳронга учадиган авиарейслар билан бирга Ливан ва Эрон чегараси орқали ер усти транспорти, шунингдек, Латақия портидан денгиз йўли орқали ҳам чиқиб кетмоқда.

Эронлик таҳлилчи Меҳди Раҳмат NYT’га берган интервюсида Эрон ҳарбийлари Сурия армияси «жанг қилишни хоҳламаса» унга ёрдам бера олмаслигини маълум қилди.

The New York Times манбаларининг сўзларига кўра, Миср ва Иордания амалдорлари Сурия президенти Башар Асадни мамалатни тарк этишга ва таркибига мухолифат ҳам киритиладиган вақтинчалик кенгашни тузишни таклиф қилган. Нашрнинг қайд этишича Асад фарзандлари ва рафиқасини Россияга жўнатиб юборган, аммо ўзи олдингидек Сурияда қолмоқда.

27 ноябр куни исёнчи гуруҳларнинг «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» бошчилигидаги коалицияси Сурияда Башар Асад ҳукумати назорати остидаги ҳудудларга юриш бошлади. Уч кун ичида улар Ҳалабни эгаллагани маълум бўлди. 5 декабр куни исёнчилар Ҳама шаҳрига кириб, ҳукумат қўшинларини сиқиб чиқарди.

Бугун, 7 декабр куни Сурия ҳукумати Дара шаҳри ва шу номдаги вилоят ҳудудининг катта қисми устидан назоратни йўқотгани маълум бўлди. Дара шаҳри 2011 йилда Сурия президенти Башар Асад режимига қарши исён бошланган жой сифатида унинг учун рамзий аҳамиятга эга. Фуқаролар уруши авжида Дара «исёнчилар қалъаси» эди, дея таъкидлайди AFP. 2018 йилдан бери шаҳар ҳукумат кучлари назоратида бўлган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид