Сирия армияси шанба куни исёнчилар юриши бошланганидан буён берган илк расмий баёнотида суриялик ўнлаб ҳарбийлар мамлакат шимоли-ғарбидаги тўқнашувларда ҳалок бўлгани айтилади.

Манбаларга кўра, мухолифатчи кучлар босқини шу қадар катта бўлганки, ҳукумат армияси айрим жойларда ҳеч қандай қаршилик кўрсатмасдан ва кўплаб ҳарбий техникаларини қолдирган ҳолда қочишга мажбур бўлган.

«Террорчилар сони кўплиги ва фронт кенглиги қуролли кучларимизни ҳужумни қайтариш, тинч аҳоли ва ҳарбийлар ҳаётини сақлаб қолиш ҳамда қарши ҳужумга тайёргарлик кўриш учун мудофаа чизиғини мустаҳкамлашга қаратилган қайта жойлаштириш амалиёти ўтказишга ундади», — дейилган армия қўмондонлиги баёнотида.

Қароргоҳи Британияда бўлган Суриядаги инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш маркази (SOHR) маълумотига кўра, чоршанба куни исёнчилар юриши бошланганидан буён 300 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, шундан 20 нафари тинч аҳоли вакилларидир.

Исёнчилар шанба куни Ҳалаб марказига етиб келди

Россия авиацияси 2016 йилдан буён илк бор Башар Асад кучларини ҳаводан қўллаб-қувватлашига тўғри келмоқда. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, жумадан шанбага ўтар кечаси Ҳалабнинг айрим ҳудудлари тўхтовсиз ўққа тутилган.

Россия ҳукумати зарбалар оқибатида Асаднинг мухолифатчилари бўлган 300 дан ортиқ қуролли киши йўқ қилинганини иддао қилган, аммо бу маълумот бошқа мустақил манба орқали тасдиқланмаган. Қайд этиш керакки, Украинадаги уруш давомида россиялик ҳарбийлар берган баёнотларнинг аксари кейинроқ ҳақиқатга тўғри келмаслиги маълум бўлди.

SOHR маълумотига кўра, исёнчилар аллақачон Ҳалаб аэропортини ҳамда атрофдаги ўнлаб шаҳар ва қишлоқларни эгаллаган.

Шунингдек, Суриядан исёнчилар навбатдаги йирик шаҳар Ҳама томон юриш қилаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Ушбу шаҳар аввалдан исёнчилар назоратида қолаётган Идлиб вилоятидан жанубда жойлашган.

Айрим маълумотларга кўра, Ҳама марказидан 20 километр масофада шиддатли жанглар бўлиб ўтмоқда. Интернетда Сурия ҳукумати қўшинлари колоннаси Ҳамани шошилинч тарзда тарк этиб, Ҳомс шаҳри томон кетаётгани айтилган кадрлар пайдо бўлди (лекин бу видео ҳақиқийлиги ҳозирча тасдиқланмаган).

Асаднинг илк реакцияси