Технология | 15:37 / 10.12.2024
4054
3 дақиқада ўқилади

Европада соч тўкилишидан даволанган ота-оналарнинг фарзандлари “бўри одам синдроми”га чалинмоқда

Гипертрихоз халқ тилида “бўри одам синдроми” деб аталади. У кам учрайдиган касаллик бўлиб, унга чалинганларнинг юзи ва бутун танасини тук қоплаши мумкин.

Фото: Canva

Европада ота-оналар фойдаланган соч тўкилишига қарши дори таъсирида ўндан ортиқ чақалоқда “бўри одам синдроми” аниқланди, деб хабар бермоқда Euronews.

Халқ тилида “бўри одам синдроми”, деб аталадиган гипертрихоз, кам учрайдиган касаллик бўлиб, тананинг бош терисидан ташқари қисмларида ортиқча тукларнинг ғайритабиий ўсиши билан тавсифланади. АҚШ Миллий Соғлиқни Сақлаш Институти маълумотларига кўра, бундай туклар бутун юз ва танани қоплаши мумкин.

Испаниядаги Наварра фармаконазорат маркази (CFN) томонидан тайёрланган ҳисоботга кўра, ушбу синдромга чалинган қатор чақалоқларнинг ота-онаси ўзидаги соч тўкилишини даволаш учун миноксидил моддасига эга воситадан фойдалангани аниқланган.

Миноксидил — соч тўкилиши муаммосидан азият чекаётган кишиларда соч ўсишини рағбатлантириш ва соч тўкилишини секинлаштириш учун мўлжалланган дори. Уни оғиз орқали қабул қилиш ёки бевосита бош терисига суртиладиган эритма кўринишида ишлатиш мумкин.

CFN синдромга чалиниш бўйича биринчи ҳолатни чақалоқлардан бирида икки ой давомида орқаси, оёқлари ва сонларида ҳаддан ташқари кўп тук ўсган вазиятни текшириш давомида аниқлади. Маълум бўлишича, боланинг отаси ўғлини парвариш қилиш учун бир ойлик таътил олган ва бу вақт давомида ўзидаги соч тўкилишини ҳам даволаш мақсадида 5 фоизли миноксидил эритмасини қўллаган. Шунга қарамай, ҳисоботда айтилишича, препаратни қабул қилиш тўхтатилгандан сўнг, жабрланган болада аломатлар батамом йўқолиб кетган.

Гўдакларнинг териси катталарникидан кўра сезгирроқ бўлади

Шундан сўнг CFN Испания фармаконазорат тизими маълумотлари ва Европа дори-дармон агентлигининг EudraVigilance маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда шунга ўхшаш ҳолатларни таҳлил қилди.

Текширувлар Европадаги “бўри одам синдроми” билан оғриган чақалоқлар орасида худди шундай характердаги қўшимча ҳолатларни аниқлади — уларнинг тарбиячилари соч тўкилишини даволаш учун миноксидил препаратидан фойдаланган.

Катталар қўллаган дори чақалоқларга икки хил йўл билан таъсир қилиши тахмин қилинмоқда: оғиз орқали ёки терига тегиш орқали. Болаларнинг териси катталарникига қараганда юбқа ва сезгирроқ эканини ҳисобга олсак, бошга суртиладиган эритма шаклидаги препаратлар уларнинг танасига осонроқ сўрилади.

Ушбу натижалардан сўнг Европа фармаконазорат хавфларини баҳолаш қўмитаси таркибида миноксидил сақловчи дори воситалари тўғрисидаги маълумотларни янгилашга қарор қилди.

Қўллаш бўйича йўриқномаларнинг янгиланган версиясига миноксидил суртилган жойга теккан чақалоқлар танасида ҳаддан ташқари кўп тук ўсиши хавфи ҳақида огоҳлантиришлар киритилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид