BBC мухбири Томас Герман экран қаршисида ўтказиладиган вақтнинг инсонлар саломатлигига таъсири борасида илмий факт ва тадқиқотларни жамлади. Мақоладаги муҳим нуқталарни унинг тилидан ҳикоя қиламиз.

Жисмоний муаммо

Яқинда пастга қараб, жимжилоғимда кичкина қадоқсимон шиш пайдо бўлганини пайқадим. У айнан телефонимни тираб турадиган жойда эди. Бу мени ўйлантириб қўйди: хўш, телефоним танамнинг қолган қисмларига нима қиляпти?

Буни аниқлаш учун бир қанча экспертларга қўнғироқ қилдим. Жавоб эса сезганингиздек — унчалик қувонарли эмас.

Сўнгги илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, телефонингиз ва унинг рақамли «ҳамроҳлари» бўйнингиз шаклини ўзгартириши, кўриш қобилиятингизга зарар етказиши, моторикангизга таъсир қилиши ва мушакларингиз кучини камайтириши мумкин.

Одамлар, ҳатто технологияга боғланиб қолган ҳаётимиз кўпроқ ажинлар тушишига сабаб бўлаётганидан ҳам хавотирда. Ушбу жисмоний муаммоларнинг баъзилари, ўз навбатида – фикрлаш қобилиятининг заифлашиши ёки бошқа жиддийроқ муаммоларга олиб келиши мумкин.

Сизни билмадим-у, лекин мен буларнинг барчасига шунчаки қўл қовуштириб ўтиришга тайёр эмасман. Айниқса, кўп ўтиришнинг ўзи ҳам муаммонинг бир қисми бўлгани учун. Агар технология танангизни барбод қилишини хоҳламасангиз, бунинг олдини олиш учун бир нечта чоралар мавжуд.

Деформацияланган умуртқа поғонаси

Агар сиз ушбу матнни телефонда ўқиётган бўлсангиз, катта эҳтимол билан унга қараш учун бошингизни пастга эгиб турибсиз.

Бундай «бошни олдинга эгиб туриш ҳолати» бўйнингизга 27 кггача босим юклаши мумкин. Вақт ўтиши билан бу умуртқа поғонасидаги дискларга зарар етказиши, бўғимлар ва мушакларни емириши, ҳатто ўпка сиғимини камайтириши мумкин. Бунинг ҳатто ўз тахаллуси ҳам бор: «техно-бўйин» (tech-neck).

tg_image_2170351215
Бош эгилганда босим ортиб бориши

Шунингдек, бу ҳолат танангиз ташқи кўринишини бутунлай ўзгартириши мумкин. Шифокор рухсати билан махсус машқлар ушбу муаммони тузатишга ёрдам беради.