Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Асадни Суриядан қочишга ишонтирган, қочиш Россия разведкаси томонидан уюштирилган — ОАВ
Россия разведкачилари Суриядаги ўз ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланган ҳолда Асадни олиб чиққани таъкидланмоқда.
Россия ҳукумати Суриянинг собиқ президенти Башар Асадни урушда «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» қуролли гуруҳига ютқазишига ишонтирган ва Сурияни зудлик билан тарк этса, хавфсиз эвакуация қилишни ваъда берган. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги учта манбага таяниб хабар берди.
Асаднинг қочишини Россия разведкаси ходимлари уюштирди, деди агентликнинг икки суҳбатдоши. Уларга кўра, разведкачилар Суриядаги Россия ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланган ҳолда Асадни олиб чиқишган. Манбалардан бирининг қайд этишича, Асадни олиб кетаётган самолётдаги транспондер маёғи кузатувдан қочиш учун ўчирилган.
Кремлга яқин манбанинг айтишича, Россия президенти Владимир Путин нега Россия разведка хизматлари Асад режимига таҳдид кучайиб бораётганини ўз вақтида сезмаганини тушунтиришни талаб қилган.
Bloomberg таъкидлаганидек, дастлаб Суриядаги рус қўшинлари суриялик қуролли гуруҳларга ҳужум қилиб, уларни орқага қайтаришга ва Асад армиясини кучайтиришга ҳаракат қилган. Аммо Сурия ҳукумат қўшинлари «жиддий қаршилик кўрсатмагани» ва қуролли гуруҳлар Ҳалаб билан Хамани қўлга киритиб, стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳомс шаҳрига юриш бошлагани сабабли, Россия Асад режимини ҳимоя қила олмаслиги ҳақидаги хулосага келган.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Bloomberg нашрининг бунга изоҳ бериш сўровига жавоб қайтармаган.
8 декабр куни Башар Асад Суриядан қочиб кетганидан сўнг, Россия Ташқи ишлар вазирлиги унинг Сурия президенти лавозимини ва мамлакатни тарк этганини эълон қилди.
Россия президенти Владимир Путин шахсан Асад оиласига бошпана беришга қарор қилди, деб хабар берди Кремл. Путин Асад режимининг қулаши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермади.
Мавзуга оид
18:53 / 10.06.2026
Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини оширишга тайёрлигини маълум қилди
08:45 / 09.06.2026
Украина Россияни БМТдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди
22:09 / 08.06.2026
«Газпром» Ўзбекистонга экспортни 15 фоизга оширганини маълум қилди
20:34 / 08.06.2026