Жамият | 17:41 / 12.12.2024
14959
5 дақиқада ўқилади

Ҳашамат қурбонлари ёхуд Ватанда қолган яқинларининг ҳою-ҳаваслари учун қийналаётган мусофирлар

Яқинларининг хоҳиш-истакларини амалга ошириш масъулияти илм олиш учун чет элга кетган ёшларга юк бўляпти. Нафақат ўзини ўзи таъминлаш, балки яқинларига пул жўнатиш учун ҳам қўшимча ишлаш мажбурияти уларни асосий мақсад – илм олишдан чалғитмоқда. “Биз ёшларимизнинг қобилиятларини уй, тўй, машина деган васвасалар билан ўлдириб қўйганмиз”, дейди Японияда фаолият олиб бораётган жамиятшунос Баҳодир Искандаров Kun.uz билан суҳбатда.

Баҳодир Искандаровга кўра, илм олиш истагидаги ёшларнинг ҳашамат қурбонларига айланиб қолиш ҳолати нафақат Японияда, балки барча ўзбек мигрантлари орасида кенг тарқалган. Жамиятшунос онасининг орзуларини амалга ошираман деб қийин аҳволга тушиб қолган бир қиз мисолида хориждаги мигрантларни қийнаётган муаммолар ҳақида гапириб берди.

Ўзбек мигрантларининг ҳаммасида юк бор”

“Норасмий маълумотларга кўра, бугун Японияда 10 минг нафар ўзбекистонлик бор: кўпчилик бир-бирини танийди, бир-бирининг шахсий ҳаёти ҳақида билади.

Японияга талаба сифатида келиб, халқаро даражадаги компанияда мутахассис сифатида ишлаётган бир қизни танийман. Бир куни йиғлаб, қарз сўради. Аммо моддий жиҳатдан у қарз сўрайдиган эмас, қарз берадиган ҳолатда эди. Чунки Японияга келганига 10 йил бўляпти, иши яхши. “Онамнинг орзу-ҳаваслари деб шундай ҳолатга тушдимки, ҳатто ўзим яшайдиган уйнинг ижарасига пул тўлай олмайдиган ҳолдаман. Бу муаммо фақат менинг дардим эмас. Бетгачопарлик бўлмасин деб истиҳола қиладиган фарзандлар кўп. Аслида, сўраб кўрсангиз, бу ҳамманинг дарди”, деди у менга.

Японияда ўқишнинг ўзи жуда қийин. Лекин нафақат қизлар, балки йигитлар ҳам бу ерга келгандан кейин ўз харажатларини қоплашдан ташқари Ўзбекистондаги яқинларини бой кўрсатиш учун ҳам руҳий босимда юришади.

Бу қиз ҳам ўртаҳол оила фарзанди, келгандан кейин талабалик даврида ишлаб, уйларини таъмирлатди. Кейин отасига машина совға қилди. Ёши 30 дан ошяпти, лекин ота-онаси, ака-сингилларининг моддий аҳволини яхшилаш учун ҳалигача оила қурмади. Уларга ёрдам бера олмай қолиши мумкинлигини ўйлаб турмуш қуришни кечиктириб юраверди. Икки синглиси ундан олдин турмушга чиқди, унга эса оддий таъминотчи сифатида қарашган. Буни унга онаси ҳам очиқчасига айтган.

Японияда пул топиш осон эмас. Қиз катта компанияда ишласа ҳам кечаси билан қўшимча ишлар қилишига тўғри келган. Унинг “портлаши”га сабаб бўлган нарса эса онасининг энди Gobalt ўрнига Malibu олайлик, дегани бўлган.

Биз қобилиятларимизни уй, тўй, машина деган васвасалар билан ўлдириб қўйганмиз”

Қиз ҳақида ижтимоий саҳифамда эълон қилганимда изоҳларда “Ака, менинг дардимни ёзибсиз, университетда бошқа давлатлардан келиб ўқийдиган талабаларнинг кутубхоналарда бемалол дарс қилиб ўтирганини кўрсам, хафа бўлиб кетаман. Қанийди менам фақат ўқишни ўйласам дейман”, деб ёзганлар бор.

Айниқса, бир изоҳни ўқиб қаттиқ хафа бўлдим. Унда бир йигит “Ака-укаларимнинг уй, тўй қилиши учун 8 йил умримни четда ўтказдим ва бир оёғимдан ажралдим. Оёғимдан ажралиб, Ўзбекистонга қайтганимда ҳеч кимга керак эмаслигимни билдим. Ҳозирги аҳволимни душманимга ҳам раво кўрмайман”, деб ёзганди.

Ўзим ишлайдиган компанияга 300 нафардан ортиқ ўзбекларни ишга олганман. Уларнинг 99 фоизи шундай юк билан келганини айтади. Аслида бизнинг халқимизда бошқа миллатларга қараганда потенциал кучлироқ. Баъзи ўринларда японлардан ҳам кучли. Биз шунақа ёшларимизнинг қобилиятини уй, тўй, машина деган васвасалар билан ўлдириб қўйганмиз.

Ҳашамат мавзусида япон тилида кичкина мақола тайёрладик, қайси халқда бунга ўчлик борлигини ўргандик. Афсуски, камбағал давлатларда ҳашаматга ўчлик юқори экан.

Масалан, Будапешт ва Ҳиндистоннинг чекка ва қашшоқ қишлоқларида яшайдиган аёлларгина тилла тақинчоқларга муккасидан кетган. Ривожланган мамлакатларда эса асосий эътибор комфортга қаратилган. Одамлар 2 қаватли ҳовлидан кўра ҳамма қулайликка эга 2 хонали уйни афзал кўришади.

Биз бу даражадаги миллат эмасмиз. Шу сабабли, чет элда яшаётган, ўқиётган ва ишлаётган ҳамюртларимизни тўғри тушунайлик”.

Жамиятшунос фарзанди таълим олиш ёки ишлаш учун хорижга кетган ота-оналарни улардаги руҳий босимни камайтириш, қўллаб-қувватлашга чақирди.

Гавҳар Зиёдуллаева тайёрлади.
Тасвирчилар: Низомжон Тошпўлатов, Мирвоҳид Мирраҳимов.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид