Жаҳон | 08:42
4735
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинани ленд-лизсиз қолдирди

АҚШнинг 2025 йилга мўлжалланган янги мудофаа бюджети лойиҳасида ленд-лиз ҳақида ҳеч қандай гап йўқ. Украинанинг Вашингтондаги элчиси Оксана Маркарова бунга эътибор қаратди.

Фото: Reuters

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси 2025 йилга мўлжалланган ҳарбий бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳаси (National Defense Authorization Act, NDAA)ни маъқуллади. 1813 бетлик ҳужжатда Украина учун ленд-лиз дастурини узайтириш ҳақида ҳеч қандай қоида мавжуд эмас. Украинанинг Вашингтондаги элчиси Оксана Маркарова 11 декабр, чоршанба куни бунга эътибор қаратди.

Украина учун ленд-лизсиз АҚШ мудофаа бюджети

«Бу йил Сенат томонидан маъқулланган NDAA қонун лойиҳаси Украинада демократияни ҳимоя қилиш учун ленд-лиз қонунини узайтириш қоидаларини ўз ичига олган ва Украинанинг Қўшма Штатлардаги элчихонаси уни фаол қўллаб-қувватлаган, аммо қонун лойиҳасида бундай қоида йўқ. Вакиллар палатаси қонун лойиҳасининг бирлаштирилган матнида тегишли банд мавжуд эмас», — деб ёзди Маркарова Facebookʼда.

Унинг сўзларига кўра, украиналик дипломатлар ушбу механизмни сақлаб қолиш устида ишламоқда. Бу, хусусан, Конгресснинг иккала палатаси томонидан илгари қабул қилинган Stand with Ukraine Act қонун лойиҳасида назарда тутилган.

Маълумот учун, ленд-лиз — қурол-яроғ, ўқ-дори, стратегик хомашё, озиқ-овқатни қарзга ёки ижарага бериш тартиби. Ленд-лиз тўғрисидаги қонун 1941 йил 11 мартда АҚШ конгрессида кабул қилинган. 

АҚШда конгрессменлар 2025 йил учун мудофаа бюджетини тасдиқлади

11 декабр куни кескин муҳокамалардан сўнг АҚШ конгрессменлари 2025 йил учун мунозарали АҚШ мудофаа бюджетини тасдиқлаш учун овоз беришди. Лойиҳа 895 миллиард долларлик рекорд бюджетни ўз ичига олади, бу мудофаа харажатларини 2024 йилга нисбатан бир фоизга оширишни англатади.

Қонун лойиҳасини 281 конгрессмен ёқлаб чиққан бўлса, 140 киши қарши овоз берди. Улар орасида 124 нафар демократ ва 16 нафар республикачи бор. Келгуси ҳафта ҳужжат Сенатда кўриб чиқилиши ва мудофаа бюджети лойиҳаси тасдиқланиши кутилмоқда. Шундан сўнг уни АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден имзолаши керак.

1800 саҳифалик ҳужжат мудофаа, энергетика вазирликлари, АҚШ Давлат департаменти, шунингдек, разведка идоралари ва миллий хавфсизлик дастурларини молиялаштиришни белгилайди. 2025 йилда америкалик ҳарбий хизматчиларнинг маошини кичик сержантлар учун 14,5 фоизга, бошқа ходимлар учун эса 4,5 фоизга ошириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, қонун лойиҳасида болаларни боқиш ва ҳарбий хизматчиларнинг яшаш шароитларини яхшилаш учун катта миқдорда маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Мавзуга оид