Жаҳон | 20:01 / 13.12.2024
4526
2 дақиқада ўқилади

АҚШдаги йирик суғурта компанияси директорини ўлдиришда айбланган шахс учун 70 минг доллардан зиёд маблағ тўпланди

26 ёшли америкалик Луижи Манжоне UnitedHelthcare суғурта компанияси ижрочи директори Брайан Томпсонни ўлдирганликда айбланмоқда. GiveSendGo платформаси орқали Манжонени қўллаб-қувватлаш кампанияси ўтказилмоқда.

Фото: Jeff Swensen/Getty Images

UnitedHelthcare суғурта компанияси ижрочи директори Брайан Томпсонни ўлдирганликда айбланаётган 26 ёшли америкалик Луижи Манжонени қўллаб-қувватлаш учун GiveSendGo платформаси орқали 70 минг доллардан зиёд маблағ тўпланди.

Манжонени қўллаб-қувватлаш кампанияси GiveSendGo саҳифасида «4 декабр юридик қўмитаси» (афтидан, бунда қотиллик санаси кўрсатилган) номли аноним гуруҳ очилган. 13 декабр соат 14:00 ҳолатига кўра, қарийб 72 минг доллар тўпланган. Платформа саҳифасида мақсад 200 минг доллар йиғиш экани кўрсатилган.

Қайд этилишича, қарийб 2,5 минг киши хайрияда қатнашган. Уларнинг аксарияти турли қўллаб-қувватлов изоҳларини қолдирмоқда, масалан уларнинг бирида шундай дейилади: «Ёшлигидан бел ва тосдаги сурункали оғриқдан азият чекадиган инсон сифатида Луижига ачинаман… Мен зўравонликни оқламайман. Аммо соғлиқни сақлаш тизимимизда ниманидир ўзгартириш керак. Одамлар ўзларининг суғурта компаниялари сабаб сифатсиз ёрдамга рози бўлади».

Хайрия қилганлар, шунингдек, тиббий муаммоларга дуч келганликларини ва Манжоне сақланаётган қамоқхона манзилини аниқлашгани ҳамда унга мактуб юборишларини ёзмоқда.

Бошқа бир йирик фандрайзинг платформаси — GoFundMe Манжонени қўллаб-қувватлаш бўйича кампанияни ўчириб ташлаб, буни зўравонлик жиноятида айбланаётганларнинг юридик ҳимояси учун маблағлар тўпланиши тақиқлангани билан изоҳлади.

GiveSendGo вакили ABC News’га платформ «юридик масалалар бўйича қарор чиқармаслигини» ва кампания қоидаларни бузмаса, маблағлар тўпланишини фаол қолдиришини маълум қилган. Бундан ташқари, Манжоне қўлга олинганидан кейин қатор сайтлар унинг сурати туширилган товарларни сотишни бошлади, бироқ Amazon ва Etsy уларни ўз сайтларидан ўчириб ташлади.

4 декабр куни Манҳеттенда 2023 йилда даромади 281 млрд долларни ташкил этган UnitedHelthcare суғурта компаниясининг ижрочи директори Брайан Томпсон отиб кетилганди. Полиция қотилни бир неча кундан бери қидириб келаётган, жиноятчи ҳақида маълумот берганларга 10 минг доллар ваъда қилинган эди.

Мавзуга оид