26 ёшли Луиджи Манжионе Пенсилвания штати Алтуна шаҳридаги McDonald's ресторанида ушланган, унга UnitedHealthcare суғурта компанияси директори Брайан Томпсонни ўлдириш бўйича айблов эълон қилинган.

Томпсон ўтган ҳафтада Манҳэттендаги Hilton меҳмонхонаси яқинида отиб ўлдирилган, чоршанба кунидан буён гумондорни қидириш бўйича кенг кўламли амалиёт ўтказилаётганди.

Манжионе Ню Йоркдан 450 км ғарбда қўлга тушган, бу ерда уни тез тайёрланувчи таомлар ресторани мижозларидан бири таниб қолган.

Полиция маълумотига кўра, қўлга олиш чоғида унинг ёнида овоз сўндиргичга эга, 3D-принтерда чиқарилган тўппонча топилган, Ню Йоркдаги қотилликда айнан ундан фойдалангани тахмин қилинмоқда.

Аввалига Манжионе Пенсилвания судига келтирилган ва бешта банд бўйича, хусусан, ноқонуний қурол сақлаш бўйича айблов эълон қилинган, гаров эвазига озод этиш рад қилинган. Бир неча соат ўтиб Ню Йорк терговчилари унга қотиллик бўйича айблов эълон қилишган. Ҳозирда терговчилар унинг Брайан Томпсонга уюштирилган суиқасдга алоқадорлигини исботлаш учун иш олиб бормоқда.

Қўлга олинган шахс ҳақида нималар маълум?

Полицияга кўра, Луиджи Манжионе Мэриленд штати Балтимор шаҳрида туғилиб ўсган, бу ерда ўғил болалар учун ихтисослаштирилган Gilman School мактабида ўқиган, мактаб раҳбариятига кўра, у мактабни 2016 йилда аъло баҳоларга битирганди.

Шундан кейин у нуфузли Пенсилвания университетига ўқишга кирган, у сўнгги вақтларда Ҳавайи маркази Гонолулуда истиқомат қилиб келган.

Қўлга олиш чоғида унинг ёнидан ўқотар қурол ва шахсини тасдиқловчи айрим ҳужжатлар топилган — биттасида ҳақиқий исми-шарифи кўрсатилган, қолганлари сохта ҳужжатлар бўлган.

Хусусан, унинг ёнида Америка паспорти ва Ню Жерси штатида яшаши ҳақидаги сохта ҳужжат бўлган, у бундан қотиллик содир этилган жой яқинида, Ню Йоркдаги ҳостелда рўйхатдан ўтишда фойдаланган.

Полициячилар гумонланувчининг ёнидан чиққан тўппонча «арвоҳ-тўппонча» бўлиб, катта эҳтимол билан, «3D-принтерда тайёрлангани» ва 9 миллиметр калибрли патронлар билан отиши мумкинлигини айтишган.

«Арвоҳ-тўппончалар» интернет орқали буюртма қилинадиган деталлардан йиғилиб, рўйхатга олинмайди, деталларда серия номерлари бўлмаслиги туфайли амалда уларни кузатиб бўлмайди.